ПРЕЗИДЕНТНИНГ СЎХ ТУМАНИГА ДОИР ҚАРОРИ: МУВАФФАҚИЯТ ВА КАМЧИЛИКЛАР
2022-03-25 17:38:15 124
ПРЕЗИДЕНТНИНГ СЎХ ТУМАНИГА ДОИР ҚАРОРИ: МУВАФФАҚИЯТ ВА КАМЧИЛИКЛАР
Туманимиз ҳудудларида Президентимизнинг 2020 йил 8 август куни қабул қилган "2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 4798-сонли қарори асосида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Қарор асосида 5-боб ва 78-банддан иборат чора-тадбирлар режаси ҳам қабул қилинган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар асосида кўп соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилди.
Қарор асосида
- Саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш;
- йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;
- ижтимоий соҳани ривожлантириш;
- қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларини сув таъминотини яхшилаш, фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш ҳамда сел-тошқин оқибатларини олдини олиш;
- ҳукуматлараро комиссиялар учрашувларида муҳокама қилинадиган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ва "Йўл харита"лари тузилиб, ижро учун йўналтирилган эди.
Айни шу масалада туман ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакили Қосим Эсонович Мардонов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда Сўх туманидан Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайланган депутат Аҳмаджон Ғаниев, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари, туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ва туман ҳокими ўринбосарлари, бевосита қарор ижросига алоқадор шахслар иштирок этишди.
Мазкур тадбирда қарор асосида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Қарорнинг ва қарор асосида қабул қилинган чора-тадбирлар режаси бандма банд ўрганилди, амалга оширилган ишлар натижаси бўйича маълумот берилиб, амалга оширилмай қолган ишлар хусусида мутахассис ва мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.
Қарор ижросида йўл қўйилган хато-камчиликлар эътиборга олиниб, уларнинг сабаблари ўрганилди, маблағ билан боғлиқ масалалар бўйича апрель ойнинг охиригача ҳал этилиши бўйича кўрсатмалар берилди ва камчиликларга йўл қўйган ваколатли раҳбар ва мутасаддиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъкидланди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати