СЎХ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТАБРИГИ
2022-03-22 12:33:24 151
СЎХ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТАБРИГИ
Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари!
Аввало, Сиз азизларни мамлакатимиз буйлаб ўтказилаётган тарихий байрам — "22 март — махалла тизими ходимлари куни" ҳамда юртимизга ўзининг бетакрор гўзаллиги билан кириб келган баҳор айёмларидан бири — Наврўз байрами билан самимий табриклайман.
Бизнинг илк ҳаётий тасаввурларимиз оиладан, маҳалладан бошланади. Маҳаллада онгу шууримиз, дунёқарашимиз, эътиқод ва тафаккуримиз шаклланади. Ундаги ҳар бир оила, қўни-қўшниларимиз мисолида юрт тупроғининг муқаддаслигини, ота ва онамиздек азиз бўлиб қолган маҳалладошларимизнинг иссиқ меҳри ва қайноқ қалбини ҳис қиламиз, доимо уларга интиламиз.
Мўҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан жамиятимизнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, унинг роли ва аҳамиятини ошириш мақсадида яқинда ташкил этилган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги мен ўйлайманки, маҳалла тизимига оид жуда катта тарихий воқеа бўлди.
Ўз елкасига фарзандларимиз тарбиясида нуронийларимизнинг билимлари ва ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишимиз зарурлиги, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, жамият ва оилада соғлом ва барқарор
ижтимоий-маънавий муҳит, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, маҳалла институтининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини йулга қўйиш каби ўта зарур вазифаларни олган бу тузилма ишонамизки, халқимиз ишончини, албатта, оқлайди.
Зиммангиздаги вазифаларни ҳалол ва виждонан бажариб, Сизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч ҳамда имкониятингизни сафарбар этишингизга ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиздаги барча маҳалла тизими ходимларини "22 март — маҳалла тизими ходимлари куни" билан яна бир бор чин юракдан табриклайман. Юртдошларимиз ҳаётининг фаровонлиги йулидаги фаолиятингизда омад, оилаларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.
Касбий байрамингиз муборак бўлсин!
Сайидбаҳром Сайидмусаев – Сўх тумани ҳокими