СӮХ ТУМАНИ ҲОКИМИ САЙИДБАҲРОМ САЙИДМУСАЕВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2022-03-21 14:15:04 158
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар, мунис опа-сингиллар, қадрли ака-укалар!
Халқимизнинг келажаги, ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!
Авваламбор, барчангизни, барча Сўх тумани аҳолисини янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам билан чин қалбимдан самимий табриклаб, Сизларга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Азиз ватандошлар!
Юртимизга келган фасллар келинчаги – баҳор ҳар биримизни, туманимизнинг барча фуқаросини меҳнат қилишга, ободлик сари интилишга чорлайди. Бу ҳаёт давомийлигини англатади. Инсон бор экан, инсоният барҳаёт, ҳаракат ва интилиш бор экан, тараққиёт бўлиши синалган ҳаётий ҳақиқатдир.
Ҳурматли дўстлар!
Шоир айтганидек, “Ҳар кимки Наврўзни шоду хурсандчилик билан кутиб олса, кейинги Наврўзгача умри шоду хуррамликда ўтади”. Дарҳақиқат, ўтган икки йил бизни турли синовларга рўпара қилди. Коронавирус пандемияси туфайли миллий байрамимизни бирдамликда ва биргаликда кутиб ололмадик. Шукр, ким шу кунлар ҳам ортда қолди ва бугун Наврўзи оламни елкама елка туриб, нишонламоқдамиз.
Бугун туманимизнинг қайси ҳудудига борманг, алббатта ободлик ва янгиланишлар устидан чиқасиз. Меҳнатсевар халқимиз Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан берилаётган эътибор ва ғамхурликлардан руҳланиб, бугун Сўх ободлиги учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Сиз билан биргаликда бирдам ва биржон бўлиб Ватанимиз равнақи ва Сўхимизнинг порлоқ келажагига ишонган ҳолда ҳар дойим олға борамиз.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” номланган йилимизнинг асосий ғояси бу йилги Наврўзи олам ғояси “Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” ғояси билан чамбарчас боғлиқдир.
Туманимизда бу йили катта ўзгариш ва янгиланишлар бўлиши кутилмоқда. Президентимиз эътибори доирасида қурилган Қайроқ сув насос станцияси, Қалъача маҳалласининг Жавпая массивида ўзлаштирилаётган 1 000 гектар ер майдони, барпо этилган иссиқхоналар, туманимиз ҳудудида қурилган ижтимоий соҳа объектлари, тиббиёт муассасалари ва янги замонавий таълим дагоҳларининг фойдаланишга топширилиши халқимизга чинкам байрам совғаси бўлади деб ишонаман.
“Ер элни боқади” деган нақл бор халқимизда. Берилаётган эътибор доирасида бу йили салкам 3 000 гектар ер майдонлари халқимизга тарқатиб берилади. Бу 3 000 нафар фуқаролар учун доимий иш жойи, 3 000 нафар инсонларнинг бандлигини таъминлаш демакдир. Ўзлаштирилаётган ер майдонлари туфайли халқимизнинг даромад манбаи ҳам яратилади. Бинобарин, барчамиз берилаётган эътибор ва ғамхурликлардан самарали фойдаланишимиз ва Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта умид билан ерга уруғ қадамоқда. Ҳудуд ва минтақаларимизда “Дарахт экиб, боғ яратамиз, юртимизни янада обод қиламиз”, деган эзгу мақсадда “Яшил макон” умумимиллий лойиҳаси доирасида минглаб кўчатлар экилмоқда.
Мана шу хосиятли кунда барчамиз йилимиз қутлуғ келсин, деҳқонларимизнинг бахтини, омадини берсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб ният қиламиз.
Азиз ва қадрли ватандошларим!
Сизларни яна бир карра Наврўзи олам билан табриклаб, Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, омад ва улкан муваффақиятлар тилайман!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Сайидбаҳром Сайидмусаев – Сўх тумани ҳокими