Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 51 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ФУҚАРОЛАРГА ДАВЛАТ ПЕНСИЯЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ ЖАРАЁНИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

×

 2022-03-16 13:14:40    201

PDF юклаш
Чоп этиш


ФУҚАРОЛАРГА ДАВЛАТ ПЕНСИЯЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ ЖАРАЁНИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

 

Мамлакатимизда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва мазкур соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда соҳани тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг давоми ўлароқ 2021 йилнинг 4 май куни Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим ҳужжати - “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102-сонли Қарори қабул қилинди.

ҚАРОРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЗАРУРАТИ

Бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилиши, уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келаётганлиги ушбу Қарорнинг қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.

ҚАРОРНИНГ МАҚСАДИ

Қарорнинг қабул қилинишидан мақсад давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия
ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этишдан иборатдир.

ҚАРОРНИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

ҚАРОРГА КЎРА

2022 йил 1 январдан бошлаб:

Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсия ва нафақаларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши, бунда, тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади;

танловда иштирок этадиган тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1 фоизгача миқдорда бўлиши мумкин. Бунда, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади;

  2022 йил 1 июлдан бошлаб:

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

ҚАРОР БИЛАН фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, Пенсия жамғармасига вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизини Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш ҳуқуқи берилди.

Қолаверса, ҚАРОР БИЛАН:

Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари бинолари учун минимал талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини фуқаролар учун қулай шароитларга эга бўлган бино ва иншоотларга кўчириш; 2022 йил 1 июлга қадар қариялар ва кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими”ни ташкил этиш; 2024 йилга қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари биноларини минимал талабларга мослаштириш;

Молия вазирлигига Марказий банк, тегишли масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2022 — 2024 йилларда ҳудудларда пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар ўртасида тендер ўтказиш чораларини кўриш каби вазифалар юклатилди.

 

   МЎМИНЖОН УМАРОВ - Фарғона вилоят судининг

                                                  иқтисодий ишлар бўйича судьяси