Қўзиқориндан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг!
2022-03-04 19:01:14 1089
Қўзиқориндан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг!
Юртимизда кунлар исиб, кўплаб ёмғир ёғиши оқибатида далалар, яйловлар, тоғ бағирлари, ариқ бўйлари, кенг йўллар ёқаларида замбуруғларнинг ўсиб ривожланиши кузатилади. Замбуруғларнинг табиатда 100 мингдан ортиқ тури маълум бўлиб, улар ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланади.
Ўзбекистон заминида замбуруғларнинг 200 га яқин турлари ўсиши аниқланган, шундан 20 яқин турлари истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Халқимиз азалдан замбуруғларни истеъмол қилиб келган ҳамда уларни заҳарли ва заҳарсизларини ажрата олган. Истеъмол қилинадиган замбуруғларни қўзиқорин деб аташган.
Беқиёс диёримизда баҳор ҳамда куз ойларида қўзиқоринлар ўса бошлаши, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиганлар учун қулай фурсат ҳисобланади. Кўча-кўйлар, катта автомагистрал кўчаларида номаълум шахслар томонидан қўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади.
Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга – оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньион ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларга – қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.
Сморчок ва строчок қўзиқоринларидан нотўғри таом тайёрланганда ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Таркибида заҳарли гельвелат кислота бўлиб, у сувда яхши эрийди, шунинг учун сморчок ва строчок қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.
Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки машиналардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар таркибига сингдириб олиши мумкин, бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин.
Одатда қўзиқоринни истеъмол қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади. Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқорннинг турига қараб, турлича намоён бўлади. Масалан қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкаоидалари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилар 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши кузатилади, томир уриши секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш, титраш кузатилади, беморларда айниқса, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки уларнинг торайишининг таъсири натижасида кузатилади. Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.
Бундай нохуш ҳолатларни кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши лозим. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилиш мумкин.
Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофлари, кўча-куйларда аҳоли томонидан сотилаётган қўзиқоринларни харид қилмаслик лозим.
Қўзиқоринларни турғун савдо шохобчалари, белгиланган жойлардан харид қилинг. Харид давомида тегишли сифатини кафолотловчи ҳужжатлари борлигига эътибор қаратинг. Акс ҳолда ўз саломатлигингизнинг ҳар бир япроғига ўзингиз игна санчиган бўласиз, ҳаттоки ўз умрингизга завол қилишингиз мумкин.
Манучеҳр Аҳрорий - Санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати
Сўх туман бўлими бошлиғи