ЯХШИ НИЯТ ВА ИШОНЧ БИЛАН БОШЛАНГАН ИШ САМАРАЛИ БЎЛАДИ
2022-03-03 19:23:09 147
ЯХШИ НИЯТ ВА ИШОНЧ БИЛАН БОШЛАНГАН ИШ САМАРАЛИ БЎЛАДИ
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ташаббуси билан Қалъача маҳалласининг Жавпая массивида бошланган эзгу иш бугун катта ҳаракат майдонига айланиб кетган. Яхши ниятлар билан туман секторлари раҳбарлари ташаббуси билан барпо этилган иссиқхоналардаги зироатлар жилваси "ҳаракатдан баракат" деган нақл ҳаққонийлигини яна бир карра исботлайди.
Сафарбар этилган техникалар кўмагида кавланиб берилаётган иссиқхоналар жойи, маҳаллалардан ташиб, иссиқхоналарга тўкилаётган самарали тупроқ ҳосиласи - одамларимиз учун меҳнат ва даромад манбаи яратиб беришдан иборат. Энг асосий мақсад эса, шу кунгача тошлоқдан бошқа нарса бўлмаган мавзеда янги экоҳудуд ва яшил макон барпо этиш. Бунинг учун инсон омилидан фойдаланиш энг мақбул вариант. Шунинг учун ҳам, иссиқхоналар фуқароларимизга тақсимлаб берилаётир.
Туман секторлари раҳбарлари ҳар куни Жавпаяда бўлишиб, иссиқхоналарни тарқатиб бериш бўйича олиб борилаётган ишларни назоратга олишган.
Айтиш лозимки, иссиқхона барпо этиш ниятида ва истагида бўлган фуқароларга банк кредити ҳам ажратиб берилади. Банк бошқарувчиларининг Жавпаяда бўлиб, тарғибот ишларини олиб боришлари фуқароларимизга яна бир имкониятдан дарак.
Албатта, ўз кучи ва маблағига ишонган фуқароларимиз борки, аллақачон маҳсулотни танлаш ва излаш пайига тушган, чунки иссиқхоналари тайёр ҳолатда.
Имконияти моддий томондан чекланган фуқароларимизга эса, энг мақбул кредит турлари тавсия этилмоқда.
Фуқароларимизга Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги 55-сонли қарорига асосан лимонария ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йиллик фоиз ставкаси 14 фоиз бўлган кредит берилади.
Дарҳақиқат, бу фуқароларимиз учун энг мақбул йўл ва даромад манбаига эга бўлишлари учун самарали имконият.
1-сектор биносида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Ҳатамов раислигида бўлиб ўтган штаб аъзолари билан учрашувда мана ушбу имкониятлар ва имтиёзлар бўйича аҳолига имкон қадар тўлиқ ахборот ва маълумотлар бериш, Жавпаянинг келажакдаги фойдаси ҳақида тарғибот ишларини янада жонлантириш, ҳар бир фуқарога бу бўйича тўлиқ маълумот бериш вазифаси берилди.
Дарҳақиқат, Жавпая туманимиз келажагини белгилайдиган, аҳоли даромад манбаига айланадиган ҳудуд ҳисобланади. Чунки бу мавзеда имконият бисёр ва бу имкониятдан ҳар биримиз бугундан бошлаб фойдаланишимиз лозим.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати