БОЛА ПУЛИ ВА МОДДИЙ ЁРДАМ ТАЙИНЛАШДА МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР
2022-01-31 16:32:09 180
БОЛА ПУЛИ ВА МОДДИЙ ЁРДАМ ТАЙИНЛАШДА МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 654-сонли қарорига биноан, кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тартибига бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам автоматик тарзда, янги тартибга асосан нафақа миқдори ошиши назарда тутилган фуқаролардан қўшимча ариза ва ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақасига ўтказилади. Бунда нафақалар ва моддий ёрдам миқдорлари оиладаги 18 ёшгача бўлган болалар сонини инобатга олган ва амалдаги тўлов муддатларидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисобланади.
Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун аризаларни кўриб чиқишда оила аъзоларининг барча расмий даромадлари, шунингдек, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад, оила аъзоси номида мавжуд бўлган кўчмас мол-мулк ва автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олинади. Жумладан, ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан икки ва ундан ортиқ ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси мавжуд бўлса, ариза рад этилади.
Шунингдек, янги қарорга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги Низомга асосан пенсиялар билан таъминланганда моддий ёрдам ва нафақа тайинлаш ҳақидаги аризани рад этиш ҳақидаги ўзгартириш киритилди.
Лекин аризани рад этишда оилада меҳнат лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд бўлса ушбу амалиёт боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга, расмий даромад манбаига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга, тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди бўлган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.
Шу ўринда кам таъминланган оила деган тушунчага тўхталиш зарур. Қарорга кўра, 2021 йилда – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда ва 2022 йилдан бошлаб – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда оила кам таъминланган деб эътироф этилади. Минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражаси эса Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар ҳисобот йилида инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб борилади.
C.X.Темиралиев - Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
Фарғона вилояти Сўх туман бўлими бошлиғи