Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 33 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҚУТУРИШ – ЎТА ХАВФЛИ КАСАЛЛИК

×

 2022-01-24 10:45:41    120

PDF юклаш
Чоп этиш


ҚУТУРИШ – ЎТА ХАВФЛИ КАСАЛЛИК

         Қутуриш-барча иссиққонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касалликдир.     

         Ушбу касаллик одамларга асосан қутурган итлар ва мушукларнинг, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) тишлаши, тирнаши натижасида ҳайвонларнинг сўлаги орқали юқади.  

         Касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвонлар сўлагида бўлади.

         Республикамизда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди.

         Қутуриш касаллиги итларда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади.

         Бугунги кунгача қутуриш касаллигининг даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган.

         Касаллик қутурган ит тишлагандан сўнг 2-3 хафтадан кейин бошланади, баъзи ҳолларда эса, яширин даври  анча узоқ бўлиши, ҳатто 6-7 ой ва бир йилгача чўзилиши мумкин.  Баъзи беморлар қачон ит тишлаганини ҳам эслай олмаслиги мумкин.

         Касаллик белгиларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, касалликнинг бошланғич даврида ҳарорат кўтарилади, ҳолсизлик, бош оғриғи, уйқу бузилиши, ҳайвон тишлаган жойда кучли оғриқ белгилари кузатилади. 1-2 кундан кейин беморда овқат ва сувни ютиш қийинлашади, бемор сувни кўрса ёки овозини эшитса, ёруғликка қараса, қўрқув аломатлари (гидрофобия, фотофобия, аэрофобия) кузатилади. Нафас олиш мушакларининг фаолияти бузилиши сабабли нафас олиш қийинлашади. Бундай ҳолатларда мушаклар тиришиш босқичи 2-3 кундан кейин паралитик босқичга ўтади, бунда беморлар касалликнинг 5-8-кунларида нобуд бўладилар.

         Беморларда қутуриш касаллиги бошланган бўлса, унинг оқибати фақат ўлим билан тугайди. Чунки бу касалликнинг давоси йўқ.

         Шу сабабли, ҳайвонлар тишлаганда  зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт.

         Жароҳат олган жойдаги яра кир совуни ёрдамида ювилади ва ундан сўнг оқар сувда ҳам 5 -10  минут давомида ювилади. Бу муолажа қанчалик тезроқ қилинса, шунчалик яхши. Жароҳат олганларга қутуришга қарши эмлаш ишлари  иложи борича эртароқ қилиниши тавсия этилади.

         Фуқаролар ҳайвон тишлаши натижасида жисмоний, моддий, ва маънавий зарар кўради, энг даҳшатлиси касалликнинг  фожиали ўлим билан якун топишидир.

         Баъзи кишилар хонадонларидаги итлар касал бўлса ёки уни боқа олмаса, уларни кўчага ҳайдашади ёки қаерларгадир ташлаб келишади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади. Дайди итлар эса, қутуриш касаллигининг манбаи сифатида атрофдагилар учун хавф туғдиради.

         Бугунги кунда республикуамизда дайди итларни йўқотиш масаласи ҳам катта бир муаммога айланиб қолган. Бу муаммони юзага келишида аксарият ҳолларда фуқароларнинг ўзлари сабабчи бўлишади.

         Уйда сақланадиган итларни ва  мушукларни ветеринария назоратидан ўтказиб туриш ва қутуришга қарши эмлатиш,  ҳамда дайди итлар ва мушукларни йўқотиш ишлари самарали амалга оширилса бу бедаво, ўта хавфли, даҳшатли қутуриш касаллигидан ўзимизни ҳамда атрофдагиларни сақлаган бўламиз.

                  Манучеҳр Аҳрорий – Сўх тумани СЭО ва ЖС бўлими бошлиғи