КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ВА ЮРТ ТИНЧЛИГИ АСОСИ
2021-12-08 10:18:04 309
КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ВА
ЮРТ ТИНЧЛИГИ АСОСИ
Конституция шахс, жамият ҳамда давлат манфаатларини
таъминлаш кафолати
Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг кўп минг асрлик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси 1992 йилда 8 декабрда қабул қилинган ва унинг устулигини таъминлаш жамиятимиз манфаатларига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши лозим”лигини алоҳида кўрсатиб ўтган эдилар.
Шу боис ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг туб моҳияти турмуш тарзимизнинг барча жабҳаларини тубдан яхшилаш, инсонлар ҳаётининг бугуни ва эртасини обод этишдан иборат.
Бу янги инсонпарвар сиёсат мамлакатимизнинг барча аҳолисини, хусусан, жамиятимизнинг энг эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож қатламлари вакилларига ҳам муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаб бериш тартибини амалиётга жорий этиш, 4 мингдан зиёд шахсни авф этиб, эркин ҳаётга қайтарилиши, 16 мингга яқин юртдошларимизга Ўзбекистон фуқароси мақоми берилиши, ўзга юртларда отасининг хатоси сабабли хор-зор бўлиб юрган, уруш олови ичидаги Яқин Шарқ ва Афғонистондан 261 нафар аёллар ва болаларнинг “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари орқали Ватанимизга қайтарилганлигида намоён бўлмоқда.
Бу янги ижтимоий сиёсат жамиятимиздаги барча ижтимоий қатламларга мансуб фуқароларга мулкка эга бўлиш, муносиб иш, ўқиш, дам олиш ва даволаниш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишида намоён бўлмоқда. Ҳусусан, сўнгги икки-уч йил ичида ёшлар учун олий таълим олиш имкониятининг 8 фоиздан 30 фоизга кўтарилгани, ҳар бир вилоят марказларида замонавий кардиология ва ички касалликларни даволаш марказлари қурилиб, ишлай бошлаганлигида, маҳаллий бошқарув соҳаси ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа касб соҳиблари ойлик маошлари узлуксиз ошириб борилаётганлигида яққол ифода бўлмоқда.
Ўзбекистон Конституцияси – инсон манфаатларининг кафолати
Ҳар қандай давлатнинг Асосий қонуни марказида инсон ва унинг манфаатлари туради.
Маълумки, бундан 29 йил аввал қабул қилинган Асосий қонунимиз инсон манфаатларини давлат манфаатларидан устувор этиб белгилади.
Асосий қонунимизнинг 2-моддасида Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, деб белгилаб қўйилган.
Маълумки, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилга таянган ҳолда одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш асосий мақсади ҳисобланган халқ билан мулоқотнинг янгича тизими жорий этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари хусусида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилиши билан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имкони яратилганини таъкидлаш жоиз.
Янги тизим инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушмоқда. Фуқароларнинг шикоят ва таклифларини тўғридан-тўғри Президентга етказадиган ушбу тизимнинг яратилиши халқдан узоқлашиб қолган айрим раҳбарларни ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишга, халқнинг турмуш шароитини ўзида ҳис қилиш, ҳамда таъбир жоиз бўлса, қарорлар қабул қилишда халқ билан ҳисоблашишга олиб келди. Мазкур ислоҳотлар конституциявий нормага янгича ҳаётий куч бағишлаб келмоқда.
Асосий қомусимиз 128 моддадан иборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишлангандир. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний мафаатларини ҳимоя қилиш бевосита қонунларнинг қай даражада ижро этилишига боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Бундай юксак масъулият бевосита прокуратура органларининг халқ олдидаги фаолиятини белгилаб беради. Ушбу конституциявий норманинг ижроси юзасидан тўхталадиган бўлсак. Сўх тумани прокуратураси томонидан 2021 йил давомида мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Ушбу ишларни амалга ошириш давомида алоҳида эътибор қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга (кейинги ўринларда секторлар деб юритилади) бўлиш тартиби жорий этилди.
Бу ҳам бевосита Асосий Қонунимизнинг 2-моддасида мустаҳкамланган Давлат халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, ҳамда, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги принципининг амалдаги ифодасидир.
Конституция ва қонун устуворлиги ғоясини фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши, фарзандларимизга болаликдан “Келажак қонунга риоя қилишдан бошланади” деган ғояни сингдиришимиз зарур. Фақатгина Конституцияга ва қонунларга риоя этиб, уларга юксак ҳурмат руғида бўлиб биз жамиятимизни янада адолатли қилишимиз ва ривожлантиришимиз мумкин.
С. Т. Мирзокаримов – Сўх тумани прокурори