Аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилишини олдини олиш чоралари ва бу борадаги муаммолар
2021-11-30 18:40:11 167
Аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилишини олдини олиш чоралари ва бу борадаги муаммолар
Ҳозирги даврнинг энг муҳим ва ечими кечиктириб бўлмайдиган муаммоларидан бири-оиладаги зўравонлик муаммосидир. Умумий кўринишда оиладаги зўравонликни қуйидагича фарқлаш мумкин: аёлларга нисбатан зўравонлик, болаларга нисбатан зўравонлик ва қариндошларга нисбатан зўравонлик. Оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқлиликка эришиш - инсон ҳуқуқлари тизимига доир ижтимоий-демократик институтнинг таркиб топиши натижасидир. Унинг вужудга келишига жинсларнинг давлат тузилмаларида, ҳукумат билан ва ўзаро муносабатларида тегишли нормаларни топишнинг мураккаб жараёни сабаб бўлган. Тарих шундан далолат берадики, тенг ҳуқуқлилик ғояси ҳамда уни амалга ошириш одоб-аҳлоқ, маънавий-маданий ва диний жиҳатлардан иборат мажмуани ўз ичига олади.
Аёллар деярли барча давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади, шунинг учун аҳоли ярмининг ҳуқуқлари поймол қилинганда, амалда демократияга асосланган жамият тўғрисида гапириш қийин. Аёллар устидан зўравонлик муаммоси давлатдаги носоғлом ижтимоий-маънавий муҳит ва янги ижтимоий муносабатларни яратишдаги қолоқликдан далолат беради. Гарчи инсонга нисбатан барча турдаги зўравонлик ва камситишларни бартараф этиш тақозо этилсада, аёлларга нисбатан зўравонлик алоҳида аҳамиятга муҳтож, чунки бу ҳолат бутун жамиятга тегишлидир.
Оилада аёллар устидан зўравонлик жиддий муаммодир. БМТда эълон қилинган гендер тенгсизлиги тўғрисидаги маърузада таъкидланганидек, дунёдаги аёлларнинг учдан бири ўз ҳаётида зўравонликка учраган. “Дунёдаги аёлларнинг учтадан биттаси ўз ҳаётида зўравонликка учраган-бу ҳайратлантирадиган статистика. Гендер дискриминацияси-барча камситишлар ичида энг ёмони”-деб, таъкидлаган эди БМТ Бош секретарининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Жозе Антонио Окампо.
Оиладаги зўравонлик сезиларли тиббий ҳаражатларга олиб келади. Жаҳон банки Раисининг “Дунё ривожи тўғрисидаги маъруза”сида таъкидлаганидек, “саноати ривожланган мамлакатларда номусга тегиш ва оиладаги зўравонлик 15 ёшдан 44 ёшгача бўлган соғлом аёлларнинг беш йиллик умридан қарийб бир йилини ўғирлайди”. Шунингдек, ҳужжатда айтиладики, “аҳоли жон бошига ҳисоблаганда оиладаги зўравонлик оқибатида репродуктив ёшдаги аёллар соғлигига тегадиган зарар ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда тахминан бир хил”. Оиладаги зўравонлик ҳудуд ёки қитъалар доираси билан чегараланмайди ва дунёнинг барча давлатларида турли даражада мавжуд. Бу ҳақда гапирмаслик маъқул кўрилсада, дунёда оиладаги зўравонлик шакллари анча кенг тарқалган. Бу ҳолатнинг кўлами нафақат жамият аъзоларининг кўпчилиги томонидан, балки иллатга қарши курашишга қаратилган касб вакиллари томонидан ҳам тўла англаб етилмаган. Кўпчилик оиладаги зўравонликни давлат иши деб эмас, ҳар бир оиланинг ички муаммоси, деб ҳисоблайди. Жабрланганлар сони ва ҳимояланиш улублари тўғрисида маълумотнинг йўқлиги эса бу ҳолатни янада мураккаблаштиради.
Оиладаги зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган ҳуқуқий чоралари ҳар доим ҳам самарали эмас ва уларни суд органлари, прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан қўллаш амалиёти жабрланувчиларнинг одил судловдан фойдаланишини таъминлай олмайди.
Ҳуқуқнинг турли тармоқ нормалари бир-биридан алоҳида амалга оширилмоқда, масалан, жиноий-ҳуқуқий нормалар жабрланувчини ҳимоя қилишнинг фуқаролик-ҳуқуқий чоралари билан бирга қўлланилмайди, гарчи кўпинча улар биргаликда самаралироқ бўлсада. Жабрланувчини ҳимоя қилишнинг ноюридик воситаларидан: психологлар, ижтимоий ва тиббиёт ходимлари ёрдамидан фойдаланилмайди. Тармоқлараро ёндашувнинг йўқлиги натижасида оиладаги зўравонлик муаммосининг ечимига зарар етади.
Оиладаги зўравонлик - бу оила аъзоларига жисмоний ёки руҳий зарар етказиши мумкин бўлган ёки етказадиган, жинс хусусиятига кўра содир этилган зўравонлик акти ёки оилада, шахсий ҳаётда учрайдиган озодликдан ўзбошимчалик билан маҳрум қилиш ёки унга мажбурлаш таҳдиди. Оиладаги зўравонлик бу оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосига нисбатан қасддан содир этилган ҳаракатдир. Бунда зўравонликка учраган оила аъзосининг конституцион ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниб, унга руҳий ёки жисмоний зарар етказилади. Бундан ташқари, зўравонлик оиланинг вояга етмаган аъзосига нисбатан содир этилган бўлса, унинг жисмоний ёки руҳий ривожланишига зарар етади. Оиладаги зўравонлик объекти бўлиб оиланинг ҳар бир аъзоси - эр-хотин, болалар, қария ота-оналар бўлиши мумкин, шунинг учун оиладаги шафқатсизликнинг уч тури алоҳида кўрсатилади.
Хусусан:
- эр ёки хотиннинг бир-бирига нисбатан муносабатида;
- ота-оналарнинг болаларига нисбатан муносабатида;
- болалар ёки набираларнинг қария қариндошларга нисбатан муносабатида.
Аммо миллий одатлар ва маданий анъаналарга кўра улар билан бирга яшайдиган қариндошлар ҳам оила аъзоси ҳисобланади. Шундай қилиб, оиладаги зўравонлик “оила иши” бўлмай, ваҳоланки кўпинча жамоатчилик ўртасида шундай фикр мавжуд, бутун жамият ва оила ривожига жиддий зарар етказадиган бўйсундирувчи муносабатлар тизимидир. Шунинг учун ҳам оиладаги зўравонликнинг асосий уч шакли алоҳида кўрсатилади- жисмоний, руҳий ва жинсий. Бунда жинсий зўравонлик биринчи марта алоҳида тоифа сифатида кўрсатилган.
Қонунларда келтирилган яна шундай янги ҳолатлардан бири бу халқаро андозаларнинг риоя этилишига асосланган ва зўравонликдан жабр кўрган оила аъзоларини ҳимоя қиладиган механизмларни яратишдир. Улар жумласига тезкор имтимоий ёрдам сифатида оиладаги зўравонликнинг олдини олишни киритамиз. Бунда оила аъзосининг ҳаёти ва соғлиги учун бевосита хавф туғилганида бу хавфни бартараф этиш учун ҳамда кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда оила аъзосининг хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли хизматлар томонидан ёрдам кўрсатилади.
Ж.Хайдаров - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
девонхона мудири
П.Джўраев - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
архиви мудири