Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 27 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Коррупция – тараққиёт кушандаси

×

 2021-11-30 14:09:16    189

PDF юклаш
Чоп этиш


Коррупция – тараққиёт кушандаси

  Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар жабҳада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади биринчи навбатда фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида “Жамиятда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” дея таъкидлади.

Шу ўринда мамлакатимизда жамият ривожига салбий таъсир этаётган, адолат ва қонунийликка рахна солаётган XXI аср дунё халқлари орасида энг катта хавф сифатида эътироф этилаётган “коррупция” аталмиш иллатга қарши жиддий кураш олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Коррупция – бу мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларни шахсий бойиш мақсадларида бевосита суиистеъмол қилишдан иборат қилмишдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, одамлар хавфсизлигига таҳдид солади.

БМТ ва Халқаро валюта ташкилотининг маълумотларига кўра бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ҳар йили коррупция туфайли
2-3 триллион долларгача зарар кўрмоқда.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ўзининг тарихий асосларига эга. Бу борада ташланган энг катта қадамлардан бири сифатида мамлакатимиз томонидан 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул Ҳаракат режасини ратификация қилинганини келтириб ўтиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур қонун билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида:

  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгиланган.

Бундан ташқари, қонун билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида  “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси” ташкил этилди.

Қўмитанинг ташкил этилиши коррупцияга қарши курашни қуйи ташкилотлардан энг олий ташкилотларгача кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар:

  • давлат ва жамият қурилиши, коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида коррупцияга олиб келувчи нормаларнинг мавжудлигини аниқлаш нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилиш;
  • давлат ва жамият қурилиши, коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш кабилар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони коррупцияга қарши кураш борасидаги фаолиятни тизимли равишда давом эттиришда самарали восита бўлиб хизмат қилди. Мазкур Фармон билан мамлакатимизда “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури” тасдиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек мазкур Фармон билан қуйидаги чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш белгиланди, жумладан:

  • 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини босиқичма-босқич жорий этиш;
  • Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини жорий этиш;
  • Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминотни жорий этиш.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини коррупциядан ҳоли ҳокимиятга айлантириш борасидаги муҳим ҳужжатлардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли ҳисобланади.

Мазкур Фармон билан “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” тасдиқланган бўлиб, унинг иккинчи бўлими “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”га бағишлаган.

Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим вазифаларидан бири сифатида суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш ҳамда шу мақсадда электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш белгиланди.

Судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юргизиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик фактларига барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3250-сонли қарори имзоланди.

Қарор суд тизимида ахборот коммуникация воситаларини кенг жорий этишдаги энг катта қадамлардан бири бўлди. Қарор билан судларга замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш, суд ҳужжатларини ижро этиш учун юбориш, судга мурожаат қилинганда давлат божи ва йиғимлари суммасини ҳисоблаш каби жараёнларда инсон омилини истисно этувчи дастурий таъминот тизимларини жорий назарда тутилди.

Шу билан бир қаторда очиқ суд мажлисларини фуқаролар реал вақт режимида эркин келиб кузата олиш, суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этиш орқали адолат ва одилликни таъминлаш белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш тартиблари белгиланиши, судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони билан одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашиш фактлари бўйича судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Суд инспекциясига аноним тарзда мурожаат қилиш тартибини жорий этиш, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини тизимли ва чуқур таҳлил қилишни ва уларнинг олдини олишни таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш давлат дастурига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармонда судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш мақсадида, 2021 йил
1 февралдан бошлаб, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориш тартиби жорий этилди. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди.

Кейинги навбатдаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли қарори имзоланди.

Мазкур қарор суд тизимида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларга қулайликлар яратиш жараёнларини янги босқичга олиб чиқди - дейиш мумкин.

Мазкур қарор билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, билан бир қаторда ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш, судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятини яратиш назарда тутилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Фармон ва қарорлар ижроси бугун судлар томонидан тўлиқ таъминланиб келинмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Хусусан, барча биринчи инстанция судларида ишлар судьяларнинг иш ҳажми, юритувидаги ишларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланиб келинмоқда.

Судлар томонидан иш юритишга қабул қилинган ва суд мажлисига тайинланган ишларнинг вақти ва жойи ҳамда ишнинг ҳолати ҳақида манфаатдор тарафларга онлайн тарзда маълумот олиш имконияти яратилиб, амалиётга татбиқ этилган.

Суд муҳокамалари тарафлар илтимосига кўра ёки суднинг ташаббуси билан аудио-видео қайд этиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиниб, юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий келишмовчиликларнинг олди олиниши таъминланмоқда.

Суд мажлисларида фуқароларнинг масофадан туриб иштирок этиш имконини берувчи дастурий таъминот тизимлари жорий этилиб, узоқ масофада яшовчи ёки имконияти чекланган иш учун аҳамиятли маълумотларга эга бўлган шахсларни вақтини тежаш ва моддий тарафдан зарар етказмаслик мақсадида уларнинг суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этишлари таъминланмоқда.

Судья ва суд аппарати ходимларига пора бериш ҳолатлари юзасидан тезкор хабар бериш тартиби жорий этилиб, судья ва суд аппарати ходимига нисбатан пора таклиф этилиш ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдирилиб келинмоқда.

Судьяликка номзодларни танлаш ва тавсия этиш фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб борилмоқда.

Шу жумладан, Фарғона вилоят суди томонидан ҳам коррупцияни олдини олиш, коррупцион ҳолатларга муросасиз бўлиш ва уларни профилактика қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.

Амалга оширилаётган ишлар кўламини қуйидаги маълумотлардан ҳам англаш мумкин.

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йил тўққиз ойи давомида Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан коррупция билан боғлиқ жами 367 нафар шахсга нисбатан 263 та жиноят иши тамомланган. Тамомланган ишлардан 350 нафар шахсга нисбатан 248 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. Шунингдек, 17 нафар шахсга нисбатан 15 та иш тугатилган.

Мазкур даврда ҳукм чиқарилган коррупция билан боғлиқ жиноятларни шахслар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, 43 нафари ёки 12,3 фоизи аёллар томонидан, 307 таси ёки 87,7 фоизи эркаклар томонидан содир этилган.

Мазкур жиноятларни соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги кунда соғлиқни сақлаш (26 та коррупцион жиноят содир этилган), қурилиш (20 та) ҳамда таълим (25 та) соҳаларида коррупция ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимини ҳам коррупциядан ҳоли деб бўлмайди. Жумладан, 2021 йилнинг тўққиз ойида ҳокимият тизимида 10 та, солиқ тизимида 6 та, ички ишлар органлари тизимида 3 та, мажбурий ижро бюроси ва адлия тизимида 2 тадан, суд ва божхона тизимида 1 тадан коррупцион жиноятлар содир этилган.

Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг моддалар кесимидаги таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, содир этилган жиноятларнинг асосий қисмини ЖКнинг 210-моддаси, яъни пора олиш (9 нафар шахсга нисбатан 8 та жиноят иши), ЖКнинг 167-моддаси, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш (146 нафар шахсга нисбатан
90 та), ЖКнинг 209-моддаси, яъни мансаб сохтакорлиги (42 нафар шахсга нисбатан 27 та) кабилар ташкил этади.

Таҳлил этилаётган даврда коррупция билан боғлиқ содир этилган жиноятлар натижасида жамият ва давлат манфаатларига
24.746.333.077 сўмлик зарар етказилган. Судлар томонидан жиноят натижасида етказилган 19.885.844.089 сўмлик зарарлар суд муҳокамаси якунига қадар ундирилиб, давлат бюджетига қайтарилишига эришилган бўлса, 4.860.488.988 сўмлик зарарларни судланувчилардан давлат даромади фойдасига ундириш белгиланган.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукми билан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан судланган У.Тўхтабоев ва И.Абдуллаевлар томонидан Қўқон Минтақавий темир йўл узелига қарашли Қўқон қурилиш таъмирлаш участкасида масъул лавозимларда ишлагани ҳолда, участка манфаатларига 1.986.470.471 сўм миқдорида зарар етказилган. Жиноят иши доирасида судланувчилардан етказилган участка манфаатларига етказилган зарар тўлиқ ундирилишига эришилган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2021 йил 30 сентябрдаги ҳукми билан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан судланган С.Нуриддинов “Данғарасувмахсуспудрат” МЧЖ раҳбари вазифасида ишлаб маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ва Республика бюджети маблағларини ўзлаштириш мақсадида 885.409.500 сўмлик амалда бажарилмаган иш турлари ҳақидаги маълумотларни тўлов ҳужжатига қўшиб ёзиб, ўзига ишониб топширилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Суд томонидан давлат ва жамият манфаатига етказилган зарар тўлиқ ундирилган.

Судлар томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 288 нафар шахсга нисбатан 246 та коррупция билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган.

Ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг 83 нафари ёки 28,8 фоизи аёллар, 205 нафари ёки 71,2 фоизи эркакларни ташкил этган.

Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг аксарият катта қисми қурилиш (85 та), таълим (30 та), соғлиқни сақлаш (14) ва ҳокимият (14 та) тизимига тўғри келади.

Судлар томонидан мазкур даврда коррупцияни олдини олишга қаратилган тизимли профилактик тарғибот тадбирлари ҳам амалга оширилган.

Хусусан, 2021 йилнинг 9 ойи давомида вилоят, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан 81 маротаба, шундан 27 маротаба телевидение, 11 маротаба радио, 2 маротаба босма матбуот ва 41 маротаба веб-сайтлар орқали коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича интервьюлар, мақолалар кўринишида тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлса,
46 маротаба жойларда аҳоли ўртасида коррупция билан боғлиқ жиноятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва учрашувлар ўтказилган.

Суд тизимида фаолият юритувчи ёшлар томонидан коррупция ва унинг зарарли оқибатлари юзасидан марказий ва маҳаллий газета ва журналларда, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда, корхона, муассаса ва ташкилотларда фаол тарғибот тадбирлари ташкил этилиб келинмоқда.

Суд тизими ходимлари орасида коррупция ҳолатларини олдини олиш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида суд аппарати ходимлари ва уларнинг ота-оналари билан мунтазам равишда коррупцияга қарши профилактик суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилиб келинмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг коррупцияга қарши кураш дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистон Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган “Коррупцияни қабул қилиш индексида” 5 поғона, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги “Коррупциядан холилик” индикаторида 6 поғона юқорилашга эришди.


         Ш. Р. Абдуллаев - Фуқаролик ишлари

                                             буйича Сўх туман  суди раиси