АСОСИЙ МАҚСАД – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
2021-11-30 11:32:52 387
АСОСИЙ МАҚСАД – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш, инсонни қадрлаш ва улуғлашга йўналтирилгани билан эътиборга моликдир.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 60 та асосий халқаро ҳужжатга қўшилди. “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар номли VII бобида белгилаб қўйилган нормаларга асосан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.
Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Шунинг билан бирга фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлиб, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Мазкур конституциявий нормалар миллий қонунчилигимизда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган бўлиб, фуқароларнинг соғлиғи ёки жисмоний дахлсизлиги ҳуқуқнинг турли соҳалари, жумладан, жиноят қонунида фуқаролар соғлиғига тажовуз содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган нормалари орқали қонунга хилоф хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилинади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасига кўра, шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялаш жиноят қонунининг асосий вазифалари бўлиб, ана шу вазифаларни амалга ошириш учун Жиноят кодекси жавобгарликнинг асослари ва принципларини, қандай ижтимоий хавфли қилмиш жиноят эканлигини аниқлайди, ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.
Жиноят кодексининг II боб, 104-111-моддаларида соғлиққа қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, қилмишнинг қасд ёки эҳтиётсизликдан содир этилганлиги, етказилган шикастнинг оғирлик даражаси, шунинг билан бирга етказилган шикастнинг хусусияти, яъни жабрланувчи ва тажовузчи ўртасидаги муносабатлар, тан жароҳатларининг муттасил равишда ёки бир маротаба етказилганлиги ҳамда шу каби жиноят квалификациясига таъсир қилувчи бошқа белгиларга қараб мазкур моддаларнинг бири билан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Сўнгги йилларда амалга оширилишаётган ислоҳотлар айнан жиноят қонунчилиги ва жазо тизимини либераллаштириш орқали инсонийлик, раҳмдиллик ва бағрикенглик руҳи билан суғорилган қоидаларнинг устуворлигига эришишга қаратилиб, бугунги кунда ўзининг самарасини бериб келмоқда.
Бироқ қонунларни қабул қилиш ва ўзгартириш орқали жамиятда тинчлик ва осойишталикни, қонун устуворлигини таъминлаш мумкин эмас. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси хонадони, оила аъзоларининг хавфсиз бўлишларини истайди.
Бунга эришиш учун бир томондан қонунларимизни доимий равишда такомиллаштириб боришимиз, жамиятда адолат ва қонун устуворлигига эришиб боришимиз лозим бўлса, иккнчи томондан ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик вакиллари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига яқиндан ёрдам кўрсатса, Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбири билбан айтганда жамиятда “Жиноят ҳақиқати ва адолати”га эришилса, халқимиз фаровон ва юртимиз тинч бўлади.
Ш.Мадумаров - Жиноят ишлари бўйича
Сўх туман судининг раиси
М.Сидиқов - Жиноят ишлари бўйича
Сўх туман суди девонхона мудири