Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 24 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ ТУШУНЧАСИ, УНИНГ СОДИР ЭТИЛИШИГА САБАБ БЎЛГАН ШАРТ-ШАРОИТЛАР, ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

×

 2021-09-30 15:11:25    265

PDF юклаш
Чоп этиш


Мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсизлиги кафолатланади.

Жумладан, Конституциямизнинг 53-моддасига мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат ҳимоясида эканлиги, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли бўлиб, мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Амалдаги қонунларга мувофиқ ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мулкка тажовуз қилишнинг энг хавфли кўриниши ҳисобланади.

Шу сабабли ўзганинг мулкига бўлган ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб қилинади.

Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жиноятлари орасида фирибгарлик кенг тарқалган жиноят тури ҳисобланиб, уни содир этиш усуллари хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

          Бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятларни кенгайиши тенденцияси кузатилаётган бир вақтда ушбу жиноятларни аёллар томонидан айниқса, такроран, хавфли рецидивист бўлиб содир этилиши ҳолатлари кўпаяётганлиги ачинарлидир.

       Шу билан биргаликда бу каби жиноятларни турлича тус олаётгани, уни содир этиши усуллари кенгаётганлиги кузатилмоқда.

      Фирибгарлик жиноятининг янги кўриниши ва усуллари юзага келганлиги уларни қонун нуқтаи назаридан тўғри ҳал қилишни, адолатли баҳо беришни тақозо этиб, жабрланувчиларни бузилган ҳуқуқларини тиклашда муҳим аҳамият касб этади.

Жиноятчилик билан курашиш, жиноятчиликни олдини олиш ишларининг самараси шу жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш билан биргаликда кўп жихатдан жиноий қилмишга тўғри ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли жазо тайинлашга ҳам боғлиқдир.

Дастлабки тергов органлари ва судлар фаолиятида фирибгарлик жиноятининг объектив ва субъектив томонларига баҳо бериш, фирибгарлик жиноятини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликдан фарқлаш, қилмишни квалификация қилишда хато ва камчимликларга йўл қўймаслик, мазкур тоифадаги ишларни кўришда бир хил амалиётни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2017 йил 11 октябрда «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарор янги таҳрирда қабул қилинди.

Ушбу Пленум Қарорининг қабул қилиниши фирибгарликка оид қонунчиликни қўллашда алоҳида ўринга эга бўлган қўлланма сифатида одил судловни амалга оширишга ва суд амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур қарордаги тушунтиришлар фирибгарликка оид қонунчиликни тўғри тадбиқ этилишини ҳамда ишлар бўйича қонуний қарор қабул қилинишини таъминлайди.

Қарорда фирибгарликка тушунча берилиб, фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилиши;

     фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкинлиги;

фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. кириши;

фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозимлиги, ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкинлиги;

фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шартлиги, айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, кичик ёшдаги болалиги (14 ёшга тўлмаганлиги), кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкоголь, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилиниши лозимлиги, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамаслиги;

мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилиши, қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозимлиги;

ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг ҳуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан) тугалланган ҳисобланиши ҳақида раҳбарий тушунтиришлар берилган.

           Фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар фуқароларнинг мулкига, мамлактимизни иқтисодий негизларига зарар келтириши - ҳуқуқни музофаза қилувчи органлари олдида бу турдаги жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда, суд идоралари олдида эса бу турдаги жиноят ишларини кўриб ҳал этишда яна ҳам кўпроқ масъулият, касбий маҳорат ва алоҳида эътибор билан ёндошишни, тарғибот–ташвиқот ишларини нафақат сон жиҳатидан, балки сифат даражасини ошириб, аҳолини кенг қатламларига ушбу турдаги жиноятларни оқибатлари, жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни етказишни, жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини тушунтиришни, фуқароларни ҳуқуқий саводхонлигини оширишни тақозо этади.

      Кейинги йилларда фирибгарлик жиноятларни ўсиши кузатилгани боис Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сон Қонуни билан ЖК 168-моддаси янги таҳрирда қабул қилиниб, жазо чоралари кучайтирилди.

    Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш -

     энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

      Фирибгарлик:

а) анча миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, -

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

      Фирибгарлик:

а) кўп миқдорда;

б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

в) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, -

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

     Фирибгарлик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -

энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Фирибгарлик жиноятини амалга ошириш услубларининг таҳлили, фан-техникани, иқтисодий муносабатларни ўзгариши билан ушбу жиноят усулларини ҳам ўзгараётганини кўрсатмоқда.

Масалан, айбдорлар томонидан фуқароларни алдаб, уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, банк пластик карточкалардан пулни тенг миқдорда нақдлаштириб беришга ишонтириш йўли билан, компьютер воситаларидан фойдаланиб талон-торож қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Жиноят кодекси 168-моддасининг 5-қисмида жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

 Бу тоифадаги ишлар юзасидан қонун ва Олий суд Пленумининг тушунтиришларида моддий зарар ўрни қопланган вақтда ишни қайси босқичда ҳал этилаётганидан қатъий назар эҳтиёт чора масаласи ҳал этилиши лозимлиги эътироф этилган ва судлар томонидан ушбу тушунтиришларга амал қилинган ҳолда жиноят оқибатида етказилган зарар қопланган ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланмоқда.   

Фирибгарликка оид ишларни кўришда судлар мазкур жиноят ишини содир этилишига имкон берган барча шахслар жавобгарликка тортилган-тортилмаганлигини синчковлик билан текшириш билан бирга жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланиб хусусий ажримлар чиқарилмоқда, хусусий ажримларда давлат органларидан, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларидан, жамоат бирлашмаларидан, жамоалардан, мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳақида талаблар қўйилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят судлари судьялари республика ва вилоят миқёсидаги оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиб, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш борасида олиб борилаётган тарғибот ишларига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

    

 

Т.Туракулов - Фарғона вилоят судининг судьяси                                            

 

Б.Мамажонов - Жиноят ишлари бўйича

                        Фарғона туман судининг

                           судьяси                                          


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram