ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИ ТУШУНЧАСИ, УНИНГ СОДИР ЭТИЛИШИГА САБАБ БЎЛГАН ШАРТ-ШАРОИТЛАР, ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ
2021-09-30 15:08:24 928
Мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсизлиги кафолатланади.
Жумладан, Конституциямизнинг 53-моддасига мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат ҳимоясида эканлиги, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли бўлиб, мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Амалдаги қонунларга мувофиқ ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мулкка тажовуз қилишнинг энг хавфли кўриниши ҳисобланади. Шу сабабли ўзганинг мулкига бўлган ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб қилинади. Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жиноятлари орасида ўғирлик кенг тарқалган жиноят турларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғрилик тушунчаси берилган бўлиб, унга биноан, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишдир.
Ўғирликда айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди.
Ўғирлик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Мулк сифатида фақатгина ихтиёрий ҳолатдаги ва шаклдаги, иқтисодий қийматга эга бўлган товар-моддий бойликлар, шунингдек, нархнинг умумий эквиваленти сифатида, махсус товар сифатида, бошқа турдаги мулк нархини акс эттирувчи пул ҳисобланиши лозим.
Объектив томондан ўғирлик ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланади.
Талон-торож қилишнинг яширинлиги деганда, жиноят мол-мулк эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган ёҳуд ихтиёрида турган шахсга сездирмасдан ёки мулкдор ёҳуд мол-мулкнинг талон-торож қилинишидан манфаатдор бўлмаган бошқа шахслар йўқ вақтида содир этилиши тушунилади.
Бироқ барча ҳолатларда талон-торож қилишни яширин деб ҳисоблаш учун, ўзаро боғлиқ бўлган иккита: объектив ва субъектив мезонни таҳлил қилиш ва баҳолаш лозим.
Талон-торож қилиш усулини баҳолашнинг объектив мезони шундан иборатки, мол-мулкни очиқдан-очиқ талон-торож қилиш атрофдаги шахсларнинг кўзи олдида содир этилган бўлса-ю, атрофдагилар буни англамаса (масалан, айбдор бировнинг чамадонини эгаси йўқлигидан фойдаланиб атрофдагиларнинг кўзи олдида ўғирлайди, бунда жиноятчи атрофдагилар у ўз чамадонини олиб кетяпти, деб ўйлашларига ишонади ва ҳоказо), бу ҳолда қилмиш ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш деб ҳисобланиши лозим. Агар мулк эгаси ёки мол-мулк ихтиёрида бўлган ёхуд у ишониб топширилган шахс талон-торож қилиш чоғида ҳозир бўлса-ю, аммо талон-торож содир бўлаётганини тушуниб етмаса, шахснинг қилмиши (масалан, мол-мулк эгаси, қоровул ухлаётган бўлади ёхуд алкогол ёки наркотик мастлик ҳолатида бўлиб, мол-мулк талон-торож қилинаётганини англаб етмайди) ўғрилик деб квалификация қилинади. Жиноятни содир этиш объектив мезонлари баҳосига асосланиб, бу ерда талон-торожликни яширин деб топишнинг бир неча усуллари мавжуддир. Улардан биринчиси, амалиётда кўпроқ учрайдиган шакли, яъни умуман гувоҳлар мавжуд бўлмаганда, масалан, қўриқланмаётган товар-моддий қимматликлари улгуржибазаси омборидан кечаси ёки эгаси уйда бўлмаганда ўғрининг қулфни бузиб ўғирлашидир. Иккинчиси, эгаси ёки бошқа шахслар бўлса ҳам, уларга билдирмасдан, яширин равишда мол-мулкни талон-торож қилиш, масалан, чўнтак ўғриликлари ва ҳоказо. Бундай ҳолатларда ўғрилик камдан-кам ҳолатларда адашиб мулкни ошкора талон-торож қилиш, талончилик деб топилиши мумкин.
Объектив мезонларга асосланиб талон-торож қилиш, агар айбдор ўзганинг мулкини мулк эгасининг бевосита ўзидан ёки унинг иштирокида, жабрланувчи содир бўлаётган жиноий ҳаракатларни англамаган ҳолатда бўлганида (қаттиқ уйқу, хушдан кетиш, қаттиқ маст ҳолат ва бошқалар) содир этилса ҳам, яширин деб ҳисобланади. Ва, ниҳоят, ушбу мезондан келиб чиқиб, суд-тергов амалиётида айбдор томонидан ҳамманинг кўз ўнгида мулкни қонуний эгаси сифатида олиши ва бошқа шахслар ушбу ҳаракатлар ноқонуний характерга эга эканлигини англамагани ҳолда ўзганинг мол-мулкини қасддан талон-торож қилиш яширин равишда деб ҳисобланади. Бундай ҳолатлар кўпинча, масалан, темирйўл вагонидан товарлар туширилаётганда айбдор юк туширувчи сифатида келиб қандайдир буюм (яшик, қоп)ни олади ва ўзининг фойдасига айлантиради ёки айбдор вокзал ёхуд аэропортда қаровсиз қолган буюмларни унинг эгаси сифатида келиб, олиб кетади.
Ўғри томонидан ўзганинг мулки ноқонуний равишда олинаётганлигини ва бунинг содир этилишини англамайдиган ёки ушбу ҳолат бўйича гувоҳлик бера олмайдиган шахслар, масалан, болалар ёки ақлий заиф шахслар борлигида ўғрилик қилиши ҳам яширин ҳисобланади.
Шунингдек, айбдорни ўзининг яқин кишилари, қариндошлари, ҳамкасблари олдида қилмишини англаган ҳолда, бироқ уларни жим юришига ишониб содир этган ўғирлиги ҳам яширин сифатида квалификация қилинмоғи лозим.
Талон-торож қилишни яширин деб баҳолашнинг субъектив мезони ўғрининг жиноятда иштироки бўлмаган барча шахслардан яширин ҳолатда, уларни содир этилган ўзганинг мулкини талон-торож қилишдан хабари йўқ, деган ички ишончи ҳисобланади. Шахснинг ўзи томонидан содир этилаётган талон-торожнинг яширин, бошқаларга билдирмасдан содир этилганлиги тўғрисидаги субъектив ишончи жиноятнинг реал ҳолатларига мос келадиган объектив фактларга асосланмоғи лозим. Улар турли хил бўлиши мумкин: жиноят содир этилаётган жойда ҳеч кимнинг мутлақо мавжуд эмаслиги, объектни қўриқлаётган қоровулнинг ухлаб ётиши, ҳеч қандай ваколатлар бермаган ҳолда илк бора учрашган шахсга вақтинча қолдирилган мулкни ўғирлаш ва ҳоказо.
Мулкни яширин равишда олиш ўғирликнинг зарурий белгиси ҳисобланади. Ушбу қилмишни квалификация қилишда катта аҳамият касб этадиган белгилардан бири унинг талон-торож қилишнинг зўрлик ишлатмайдиган усули эканлигидир.
Жиноятчи ўзгалар мулкини ўғрилик билан эгаллаган ва ундан ўз ҳоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб, ўғрилик жинояти тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан ўғрилик тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор олинган ўзганинг мулкининг нафақат ноқонунийлигини ва қайтариб берилмаслигини, балки ўз ҳаракатларининг яширин усулларини ҳам тушуниб етади. Унинг мулкни эгаллаб олиш мўлжали худди ана шунга асосланади. Шу билан бирга айбдор ушбу жиноятнинг субъектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланувчи ғаразли (ноқонуний равишда бойликка эга бўлиш) мақсадини ҳам кўзлайди.
Ушбу жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган ҳарқандай ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин.[1]
ЖК 169-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик фақатгина ташкилотлардан, муассасалардан ва корхоналардан ҳодим томонидан ўғирланган мулкнинг умумий қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юқори бўлганда келиб чиқади. Акс ҳолда шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Агар ўғирланган мулкнинг умумий қиймати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошиб кетмаса, неча маротаба майда ўғрилик содир этилганлигидан қатъи назар, шахс фақатгина маъмурий жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, агар ўғрилик фуқароларнинг мулкига нисбатан амалга оширилган бўлса ва ўғирланган мулкнинг умумий суммаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошиб кетмаса ҳам, қилмишни жиноят сифатида шарҳланаётган модданинг биринчи қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
“Бироқ, талон-торож миқдори энг камойлик иш ҳақининг беш бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчининг (судланувчининг) шахсига оид маълумотларни ҳамда моддий зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда жиноят ишини Жиноят кодексининг 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этиши керак”
Ўғирланган мулкнинг миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган Республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ўғирланган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланиш лозим.
Ўғирлик содир этганлик учун Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб;
в) кўп миқдорда;
г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Сиз ва бизнинг вазифамиз жиноятчиликка қарши курашиш, давлат ва жамоат мулкини ва ўз мулкимизни асраб авайлашдан иборат.
Т.Туракулов - Фарғона вилоят судининг судьяси
.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram