БИТИМЛАР ТУШУНЧАСИ
2021-09-17 21:12:18 385
Маълумки, битимлар шахслар ўртасидаги фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган ҳаракатлар натижасида юзага келади. Битимларнинг ҳуқуқий мақоми фуқаролик ҳуқуқи, қолаверса, хусусий ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири ҳисобланади. Бу тасодиф эмас, зотан аксарият фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг пайдо бўлишида ушбу институтнинг ўрни беқиёс. Ҳар қандай битим шахсларнинг эрки-иродаси билан боғлиқ бўлиб, маълум бир ҳуқуқий оқибат туғдиришга қаратилади ва муайян шаклда изҳор этилади. Битимларни тузувчилар фуқаролик ҳуқуқининг субъекти бўлиб, уларда ушбу битимни тузиш эркининг мавжудлиги ва бу эрк ҳуқуқий оқибатлар туғдиришга қаратилганлиги ҳамда маълум шаклда изҳор қилинганлиги мазкур тушунчани битим деб баҳолашга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (ФК) 101-моддасига кўра, битимлар деб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган ҳаракатларга айтилади.
Битим ва шартнома ўртасида муайян бир фарқлар мавжуд. Битим тўғрисида ФКнинг 101-моддасида берилган таърифда у битим тузувчиларнинг ҳаракатларидан иборат эканлиги белгиланган. Шартнома эса ФКнинг 353-моддасига асосан икки ёки бир неча шахснинг келишуви натижасида юзага келади. Демак, шартнома ва битим ўртасидаги фарқлардан бири шундаки, битим ҳаракатдан келиб чиқса, шартномада ушбу ҳаракатнинг ўзи кифоя бўлмай, икки ёки ундан ортиқ шахснинг келишуви ҳам талаб этилади.
Шартномаларга ҳам ФКнинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп тарафлама битимлар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади (ФК 353-моддасининг иккинчи қисми). Ушбу нормада шартнома ва битим ўртасидаги нисбат берилган. Ушбу нисбат қадимги Рим цивилистларининг «ҳар қандай шартнома битимдир, бироқ ҳар қандай битим шартнома эмас», деган қарашида яққол ифодаланган. Битимлар доираси шартнома доирасига нисбатан кенгроқдир. Бир тарафлама битимлар ҳеч қачон шартнома ҳисобланмайди. Айни вақтда икки ва ундан ортиқ тарафлар эрки-иродаси бир йўналиш бўйича кетган, бир объектга йўналтирилган бўлмаса (масалан, эр-хотин васиятномаси), шартнома тусини олади. Битим — бу ҳаракат. Агар бир неча субъектлар ҳаракатлари муайян доирада учрашса (тўқнашса эмас) ва ўзаро келишув тусини олса, у шартнома шаклига киради. Кўп томонлама битимларни шартнома сифатида эътироф этиш фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Битим ва шартнома ўртасида тафовутлар бор, бироқ бу тафовут умумийлик ва алоҳидалик категориялари ўртасидаги фарқлар билан боғлиқ, холос. Бинобарин, кўп томонлама битимлар тўғрисидаги нормаларни шартномаларга нисбатан жорий этиш тўғрисидаги ФКнинг кўрсатмаси (ФК 353-моддасининг иккинчи қисми) ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Ҳар қандай битим шахсларнинг эрки-иродаси билан боғлиқ бўлиб, муайян ҳуқуқий оқибат туғдиришга қаратилади. Битимда фуқаро ва ташкилотларнинг маълум моддий ҳамда маданий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган эрклари ифодаланади.
Битим шахсларнинг эрки билан боғлиқ бўлган, уларнинг иродасидан келиб чиқадиган ҳаракат бўлганлиги туфайли, унда ифодаланган эрк изҳор қилиниши, яъни бошқа шахсларга билдирилиши лозим.
Битим тузиш натижасида муайян ҳуқуқий оқибат туғдириш учун битим тузувчи шахслар унда ўз эркларини ифодалашдан ташқари муайян ҳаракатни қилишлари лозим бўлади. Бу ҳаракат шарт қилинган ишни бажаришга, хизмат кўрсатишга, маълум мулкни топширишга ёки маълум пулни тўлашга қаратилган бўлиши мумкин.
У. Эргашев - Риштон туманлараро иқтисодий суди раиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram