МАКТАБНИНГ ЯНГИ БИНОСИГА БИРИНЧИ ҒИШТ ҚЎЙИЛДИ. БУ - КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОРДАН ДАЛОЛАТ
2021-06-10 20:22:56 167
"Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади". Бугун мактабга, умуман таълим-тарбия соҳасига берилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Қурилаётган янги замонавий иншоотлар, таълим масканлари, жаҳон андозаларига мос келадиган таълим даргоҳлари, Республикамиз ҳудудидаги барча таълим муассасаларини замонавий асбоб-ускуна, дастгоҳлар, Интернет тармоғи билан таъминлаш, ўғил-қизларимизга билим ва касб чўқиларини забт этишдаги ғамхўрлик замирида ўсиб келаётган баркамол авлод тақдири, эртанги куни мужассам. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай эътибор ва ғамхўрликлардан чекка ҳудудлардаги аҳоли ҳам баҳраманд бўлишаётир.
Сўх туманидаги 18-сонли УЎТ мактаби ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган ва табиийки, муассаса замонавийлик сиймосига муҳтож. Бу йили муассасада Давлат дастури асосида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Мактабдаги барча синфхоналар, спорт зали моҳир усталарнинг меҳнати туфайли янги сиймога эга бўлаётир. - Мактабимизнинг спорт зали бутунлай янги форматда таъмирланмоқда. Бу ерда фарзандларимиз учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилади. Берилаётган эътибор туфайли мактаб жамоаси ва барча Ленбур аҳли миннатдор ва хурсанд, - дейди биз билан сўҳбатда мактаб директори Мирзоохун Бойболаев.
Шунингдек, мактаб ёнида янги бино қад ростламоқда. Агар янги иншоот қуриб битказилса, қўшимча 330 нафар талабаларга янги замонавий синфхоналар пайдо бўлади. Бу эса, синфхоналар етишмовчилигига барҳам берилади деган гап. Бугун туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ва маҳалланинг кўпни кўрган нуроний отахонлари томонидан янги бинонинг биринчи ғишти қўйилди.
Айтганча, амалга оширилаётган ишларга мактаб педагогик жамоаси ҳам бефарқ эмас. Мактаб ёнида туман ҳокимлиги ташаббуси ва педагогик жамоанинг фаол иштироки асосида ҳашар йўли билан янги мажлислар зали ва музей қад ростламоқда. Барча ўқитувчилар бир ёқадан бош чиқариб, қурувчиларга ҳамоҳанг тарзда меҳнат қилишаётир.
Маълумот учун: мактабдаги реконструкция ишлари туманимизнинг "Табассум Сўх савдо" хусусий корхонаси зиммасига юклатилган бўлиб, бу мақсадга давлатимиз томонидан 4 миллиард 651 миллион 578 минг 115 сўм маблағ йўналтирилган. - Асосий мақсадимиз мўҳтарам Президентимиз эътибори асосида, берилаётган ғамхўрлик туфайли фарзандларимизга муносиб шароит яратиб беришдан иборат ва албатта зиммамиздаги масъулиятни якдиллик билан адо этамиз. Чукни мактабга эътибор бу келажакка эътибор деганидир, - дейди хусусий корхона раҳбари Қосимжон Ҳайдаров.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram