ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ ТУШУНЧАСИ ВА ЖАВОБГАРЛИК АСОСЛАРИ
2021-06-04 08:50:05 224
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.
Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда
ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.
Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.
Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
Фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, кичик ёшдаги болалиги (14 ёшга тўлмаганлиги), кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкоголь, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилиниши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.
Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.
Шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра фуқаролар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъий назар келиб чиқади. Айни пайтда, талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчи (судланувчи)нинг шахсига ва моддий зарар қопланишига оид маълумотларни инобатга олган ҳолда ЖК 65, 66, 70, 71-моддаларини қўллаш масаласини муҳокама этишлари шарт.
Жиноят предмети бўлган мулкнинг қийматини аниқлашда, унинг мулкдор томонидан қай йўсинда сотиб олинганлигига қараб, жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган чакана, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Нарх мавжуд бўлмаганда ва талон-торож миқдори тўғрисида низо келиб чиққан ҳолларда, мулк қиймати эксперт хулосасига асосан аниқланади.
Қатор ҳолларда муайян мақсадларига қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда эришишни истаган жабрланувчиларнинг хулқ-атвори фирибгарлик содир этилишига шарт-шароит яратиб бераётганлигини эътиборга олган ҳолда, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар бундай ғайриқонуний ҳаракатларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо беришлари, шунингдек, келажакда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун бундай ҳаракатлардан келиб чиққан оқибатларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишлари лозим.
Х. Холиқов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram