ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ МУАММО-КАМЧИЛИКЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА
2021-05-31 11:11:12 162
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2-сонли қарори билан хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал қилиш мақсадида Сўх туманидаги секторлар, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашиб, уларнинг шарт-шароитлари ўрганилмоқда. Айтиш лозимки, жараёнлар давомида Республикадан ташриф буюрган вакиллар ҳам иштирок этиб, улар томонидан аёллар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш манзилли амалга оширилаётир.
- Туманга ташриф буюрганимдан хурсандман, чунки ушбу анклав ҳуддуддаги ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзини ўз кўзларим билан кўрдим. Туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев билан турли тадбирларда қатнашдим. Айниқса, “Оналарга эҳтиром” фестивали доирасида ташкил этилган тадбирнинг кўтаринкилик билан ўтгани оналарга бўлган юксак эҳтиром намунаси десак, муболаға эмас. Биринчи куни ушбу масалада туман ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилган учрашув ҳам ўзининг ижобий самарасини берди, - дейди биз билан сўҳбатда Республика касаба Уюшмалари федерацияси вакили Юсуфжон Ғафуров.
Қарийб бир ҳафта давомида Республикадан келган вакил билан секторлар кесимида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммо-камчиликларини ўргандик. 9 та тоифа бўйича “дафтар”га киритилган хотин-қизлар билан сўҳбатлар ташкил этилди, - дея маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Расулжон Мирсаидов сўҳбатимизга қўшилди.
- Биз хотин-қизлар муаммо-камчиликларини Республика миқёсида ўрганилиши ва бизларга берилган эътибор Юртбошимизнинг бизга қартилган ғамхўрлиги самарасидир. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари билан биргаликда бизнинг хонадонимизга Республикадан келган вакил ҳам келиб, оилавий аҳвол ва шароитмизни ўрганишди, амалий ёрдам бериш бўйича тавсиялар беришди. Биз бундан чексиз миннатдормиз. Агар муаммоларимизни ҳал этиб беришса, қувончимиз икки карра яна ошади, - дейди Соҳибкор маҳалласида яшовчи М. Суннатуллоева. Ушбу фикрларни шу маҳалла фуқаролар йиғинда яшовчи Д. Юнусова ва Д. Абдураҳмоновалар ҳам таъкидлашди.
Айтиш жойизки, бир ҳафта давомида ишчи гуруҳ томонидан кўп ишлар амалга оширилди. Айни кунда туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ушбу дафтардан чиқариш мақсадида амалий ишлар давом этаётир.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram