Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 31 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

СЎХ ТУМАНИ ҲОКИМИ САЙИДБАҲРОМ САЙИДМУСАЕВНИНГ 9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАБРИГИ

×

 2021-05-08 14:54:24    128

PDF юклаш
Чоп этиш


Ассалому алайкум, азиз ватандошлар,

Бугунги тадбиримиз иштирокчилари!

Муҳтарам фахрийлар!

Хурматли меҳмонлар!

       Аввало, барчангизни 9-май – Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жахон урушида қозонилган буюк Ғалабамизнинг 76-йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

       Барчамизга маълумки, 9-май санасини юртимизда Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланиб қолган.

       Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак – иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

       Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало Иккинчи жаҳон уруши майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг, шунингдек, Сўх туманининг 367 нафар ушбу уруш қатнашчилари ва 66 нафар фронт ортида меҳнат қилганлар хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покига ҳурмат бажо келтирамиз.

       Дарҳақиқат, бугунги эркин ва фаровон, озод ва обод ҳаётимиз ота-боболаримизнинг заҳматли меҳнатлари эвазига яратилганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

       Шу ўринда азал-азалдан Сўхнинг мард,ботир, жасур ва паҳлавон ўғлонлари тилларда достон эканликларини таъкидлаб ўтмоқчиман. Юрт озодлиги ва ободлиги учун жонбозлик қилган Амирали Саидбеков,Тешабой Одилов, Солижон Олимов, Бобожон Латипов, Мухаммадсуфи Ахмаджоновларнинг жасоратини таҳсинларга лойиқ десам муболаға қилмаган бўламан.

              Совет Иттифоқи қаҳрамони Амирали Саидбеков 15 май 1920 йили Сўхнинг Тагимазор қишлоғида туғилган. Амирали Саидбеков ҳам 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилган. Улуғ Ватан урушининг биринчи кунларидан Амирали Саидбеков кичик лейтенант курсларини тамомлаб, урушнинг барча фронтларида қатнашган.

       1945 йилнинг баҳоридан гвардия катта лейтенанти Амирали Саидбеков 325-ўқчилар полкнинг қумондони бўлган. У Полшанинг фашистлардан озод этилишида жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган.1945 йилнинг 29 мартидан 4 апрелигача Полшадаги бир неча қишлоқларни озод этишида фаол қатнашган. 1945 йилнинг 8 апрель куни Рогув ва Домбров қишлоқларидаги жангларда қатнашиб, уша ерда ҳалок бўлган ва Полшанинг Рибник шаҳридаги қабристонга кўмилган. Тешабой Одиловга 1945 йил 25 июн куни Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган. 

       Тошкендтаги Хотира майдонида бу Сўхлик ўғлон номини ўрнатилган ёдгорликда кўриб, ўқиб, вужудимда ажиб бир ҳис ва ифтихорни тўйдим. Зотан, Ватан ўзининг фарзандлари, мард ва жасур ўғлонларини асло унутмайди. Улар номи ҳар доим юрагимизда, қалбларимизда мангу яшайди.

      Тешабой Одилов 1918 йили Сўх туманининг Ҳушёр қишлоғида туғилган. 1939 йили Армия сафига чақирилиб, 22 июнь 1941 йили фашистик Германия собиқ Иттифоқга ҳужум қилганида Тешбаой Одилов Койвисто ярим оролида душманни қарши олиб, ҳарбий қисмлар чекингандан кейин Ленинград шаҳрига келган.

       22 дан 23-сентябрьга ўтар кечаси Нева дарёсининг чап қирғоғида кичкина плацдарм эгаллаб, қамалда қолган шаҳарга йўл очиш мақсадида, юборилган аскарларимиз орасида Тешабой Одилов ҳам бор эди. Нева дарёсининг чап қирғоғида жойлашган бу кичкина ерни, кейинчалик жангчилар “Невский пятачок” деб атадилар. Бу кичкина жойда бўлган жангда Тешабой Одилов мисли кўрилмаган жасоратлар кўрсатди. 48 кеча ва кундуз бу жойда бўлган жангда 33 марта найзабозлик жангида қатнашди.

       1941 йили-декабр ойининг охирида, Тешабой Одилов окопдан туриб, немис фашистларнинг уз мавқеларида бемалол сайр қилиб юришларини кўриб ғазабланди ва оддий карабинни олиб, 400-500 метр узоқликда турган немисни нишонга орлиб ўқ узди. Немисни йўқ қилган Тешабой маҳоратига тан берган жангчилар бу хабарни командирга етказишади ва командир томонидан Тешбой Одиловга 1413-рақамли снайпер милтиқ берилади ва ушбу қурол Одиловнинг жанговар дўстига айланиб қолади. 1942 йилнинг январ ойининг то май ойигача Тешабой Одилов 104-нафар солдат, офицер, хусусан, душман снайперларини ер тишлатди. Ҳозирги кунда 1413 рақамли снайпер винтовкаси Санкт-Петербург шаҳрининг ҳарбий музейида экспонат сифатида сақланиб келинмоқда.

       Иккинчи жаҳон урушидан кеийн Тешабой Одилов Ҳушёр қишлоғида меҳнат фаолиятини давом эттириб, умрининг охиригача ўз ҳаётини таълим соҳасини ривожлантиришга бағишлади.

       Қалъача қишлоғининг фарзанди Бобожон Латипов

1941-1948 йилларда хизмат қилиб, Берлингача бўлган масофани босиб утган.

       1945-1947 йилларда Германиянинг Росвайн шаҳрида комендант вазифасида фаолият кўрсатган.     

       Шу кунларда барчамиз туманимиз халқи сиймосида урушда қатнашиб ҳалок бўлган ўз яқинларимиз, ота- боболаримиз хотирасини ёд этмоқдамиз. Бугунги ёруғ кунларга етиб келган табаррук кексаларимиз -  уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олиш биз учун ҳам қарз ва ҳам фарз деб биламан.

       Айни пайтда хаммамиз яхши тушунамизки, барчамизни тарбиялаб вояга етказган, ҳаёт йўлларимизда бизга таянч ва суянч бўлган сиздек табаррук инсонларнинг ҳаёти биз учун ибрат намунасидир. Шунинг учун ҳам нуройниларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат ва ижтимоий- маиший таъминотини яхшилаш бизнинг энг асосий вазифамиз бўлиб қолади.

       Азиз дўстлар!

       Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожу давлатимиз эканлигини ҳеч қачон унутмайлик. Бу ғанимат, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган ҳаётда уларни қанча қадрлаб, имкон қадар дуоларини олиш учун  қанча ҳаракат қилсак, икки дунёда асло кам бўлмаймиз.

       Мендан дунёдаги қайси оила энг бахтли, деб сўрашса, мен хеч иккиланмасдан, - кексалари бош бўлиб иззат-ҳурматда ҳаёт кечираётган оила, -  деб жавоб берган бўлар эдим.

       Дунёда турли қарама-қаршиликлар - терроризм, экстремизм, пандемия балоси кўчайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

       Биз “Ўзбекистонга, Сўх халқига тинчлик ва омонлик керак” деган даъватнинг моҳиятини чуқур анлаган ҳолда ушбу неъматлар бардавомлиги учун ҳар биримиз масъул эканимизни унутмасдан доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз лозимлигини яна бир карра таъкидламоқчиман.

       Бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизни шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йулида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимизга, офицер ва генералларимизга Сўх халқи номидан, шахсан ўз номимдан самимий миннатдорлик билдираман.

Бу гулшан ичра йўқ дур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур, яхшилик билан чиқса от, -

деган эди ҳазрат Навоий. Бугун халқ фаровонлиги, Ватан ободлиги йўлида хизмат қилаётган фидокор халқимиздан келажак авлодга, фарзанларимизга яхши ном ила озод ва обод Ватан қолсин деган эзгу ғояни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.

       Сўзимни якунлар эканман, барчангизни 9- май Хотира ва Қадрлаш куни билан яна бир бор қутлаб, Сизларга сиҳат- саломатлик, бахту саодат, хонадонингизга файзу барака тилайман.

       Зеро кимда-ким ўтганларни хотирласа, уларнинг ҳаққига дуолар қилса, шу қалби покликдир. Пок қалбларда эса хотира чироғи мангу сўнмайди!

       Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

       Эътиборингиз учун раҳмат!



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram