Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 35 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

×

 2021-03-30 08:47:16    155

PDF юклаш
Чоп этиш


 Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 670-сонли Қонуни янги Ўзбекистоннинг янги сайлов йилига қадам қўйишида муҳим воқеа бўлди.

Мазкур қонуннинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, жумладан, Қонунинг биринчи моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 117-моддасининг иккинчи қисмидаги “декабрь” деган сўз “октябрь” деган сўз билан алмаштирилиб, келгусида сайловлар ўтказиш октябрь ойида белгиланди ва бу борада тегишли Қонунларга ҳам ўзгартиш киритилди.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг учинчи моддасида Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан:

ташвиқот олиб боришга;

номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак.

Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.

Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида давлат маблағларининг келиб тушиши ва сарфланиши алоҳида қисмда назарда тутилади. Бунда сиёсий партия томонидан сайловда иштирок этиш учун сарфланган маблағлар алоҳида ҳисобга олинади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли ва уни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Мазкур Қонунинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.

Номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади.

Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;

сайлов комиссиялари аъзоларининг;

диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Сайлов бюллетенлари солинган қоп сурғучланган ҳолда далолатнома билан бирга сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.

Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳри мустасно) Кенгашларига округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ушбу моддада белгиланган тартибда туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.

Сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.

Сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланади.

Шу ўринда юқоридаги Қонуннинг 5-моддаси талабларидан келиб чиқиб, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиб боришни давр тақозо этади.

Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг судьяси                                              

М.Инамхонов - Фарғона вилоят суди

Судья катта ёрдамчиси                                 



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram