АЙБГА ИҚРОРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КЕЛИШУВ
2021-03-26 09:44:37 341
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 675-сонли Қонунининг 2-моддасида Жиноят-процессуал кодексига айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти жорий қилинди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда тузилади:
1) гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлса;
2) илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлса;
3) гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этган бўлса.
Айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув қуйидаги ҳолларда тузилиши мумкин эмас, агар:
1) ЖПКнинг 61-бобида белгиланган тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса;
2) шахс томонидан бир нечта жиноят содир этилган бўлиб, улардан лоақал биттаси ушбу моддада белгиланган талабларга тўғри келмаса.
Гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида бериши мумкин.
Келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва, агар ишда қатнашаётган бўлса, қонуний вакили томонидан имзоланган бўлиши лозим.
Илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ва дастлабки терговда қўйилган гумонни ёки айбловни тан олиши, далилларни инкор қилмаслиги, жиноятни тергов қилишга кўмаклашиши, жиноят натижасида олинган мол-мулкнинг топилиши учун қайси ҳаракатларни амалга ошириш шартлигини, жиноятга алоқадор бошқа ахборотни тақдим этишга доир мажбуриятларини ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар бартараф этилганлигини кўрсатади.
Келишув тузиш ҳақидаги илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан бажариладиган ва жиноятни фош этиш учун кўмаклашадиган муайян ҳаракатлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома жиноят ишини юритаётган суриштирувчига, терговчига тақдим этилади.
Суриштирувчи, терговчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани олган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материалларини келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборади.
Прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани у келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суриштирувчи ёки терговчи ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси иштирокида кўриб чиқади ва ЖПКнинг 5861-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этилганлигини текширади. Зарур ҳолларда, прокурор жабрланувчини ёки фуқаровий даъвогарни ҳам келишув тузиш масаласини кўриб чиқиш учун жалб қилади.
Прокурор келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқаётганда:
1) жиноят иши материалларини ва тақдим қилинган ёки талаб қилиб олинган қўшимча материалларни ўрганади, келишув тузишнинг асосларини текширади, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг келишув предмети бўлган ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини баҳолайди;
2) гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг барча шартлари билан танишган-танишмаганлигини, илтимосномани ихтиёрий равишда ва ўз хоҳиши билан, шунингдек ҳимоячи билан муҳокама қилганидан кейин берган-бермаганлигини, унга нисбатан бирон-бир тазйиқ ёки мажбурлов ўтказилган-ўтказилмаганлигини, тузилаётган келишувнинг моҳиятини тушунган-тушунмаганлигини аниқлайди.
Шундан кейин прокурор, агар келишувга асосан ҳукм чиқарилиб, жазо тайинланганидан кейин гумон қилинувчининг, айбланувчининг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ёки терговдан бирон-бир муҳим ва иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни қасддан яширганлиги, келишувда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларни бажармаганлиги аниқланса, ҳукм қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақида илтимоснома берган гумон қилинувчига, айбланувчига тушунтиради.
Прокурор айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
1) айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида;
2) айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида.
Прокурор томонидан айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосноманинг рад қилиниши гумон қилинувчи, айбланувчи ва унинг ҳимоячисини ушбу масала юзасидан такроран илтимоснома бериш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
келишув тузилган сана ва жой;
келишув тузаётган прокурор тўғрисидаги маълумотлар;
келишув тузаётган гумон қилинувчининг, айбланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, бошқа маълумотлари, ҳимоячи ҳақидаги маълумотлар;
жиноят содир этилган жой ва вақтнинг, шунингдек исботланиши лозим бўлган бошқа ҳолатларнинг тавсифи;
Жиноят кодексининг мазкур жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси, қисми, банди;
гумон қилинувчига, айбланувчига қўлланилиши мумкин бўлган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш тартиби;
содир этилган жиноятни фош этиш, жиноят иши бўйича далилларни тақдим этиш, жиноий йўл билан орттирилган мол-мулкни аниқлаш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи келишув имзоланганидан кейин бажаришни ўз зиммасига оладиган ҳаракатлар;
етказилган зарарнинг миқдори ва унинг ўрни қопланиши;
ЖПК 5863-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган шартларни бажармаганлик оқибатлари.
Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида бир неча шахс жалб этилган бўлса, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчи билан алоҳида-алоҳида тузилади.
Келишув прокурор, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси томонидан имзоланади. Келишув имзолангунига қадар гумон қилинувчи, айбланувчи келишув тузиш масаласини ва унинг оқибатларини ҳимоячи билан холи қолиб ва махфий ҳолда муҳокама қилиш ҳуқуқига эга.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлган тақдирда, прокурор ишни суриштирув ёки тергов органига юборади.
Суриштирувчи, терговчи гумон қилинувчининг, айбланувчининг айбини тасдиқлаш учун етарли ҳажмда далилларни тўплайди.
Агар ишни судга қадар юритиш жараёнида жиноятнинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувда назарда тутилмаган бошқа ҳолатлари аниқланса, келишув ўз кучини йўқотади.
Бунда айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузишни истисно этадиган ҳолатлар аниқланган тақдирда, жиноят иши бўйича иш юритиш умумий тартибда олиб борилади.
Гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг айбини тасдиқлаш учун далиллар тўпланганидан кейин суриштирувчи, терговчи ишни прокурорга тақдим этади. Прокурор жиноят иши материалларини беш сутка ичида кўриб чиқиб, айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув билан бирга судга юборади.
Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этиш учун бир неча шахс жалб қилинган бўлса ва уларнинг барчаси билан ҳам айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилмаган бўлса, ўзи билан келишув тузилмаган гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга тааллуқли материаллар ажратилади ва улар бўйича иш юритиш умумий қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади, бу ҳақда келишувда кўрсатилади.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда умумий тартибда, жиноят иши келишув билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), агар ишда иштирок этаётган бўлса, қонуний вакил, ҳимоячи, прокурор иштирок этади.
Суд мажлиси ўтказиладиган жой ва сана ҳақида лозим даражада хабардор қилинган жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёки унинг вакилининг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишлар бўйича суд муҳокамасида прокурор келишувнинг мазмунини ўқиб эшиттиради, судланувчининг суриштирув ҳамда дастлабки терговга кўмаклашганлигини тасдиқлайди ва бу айнан нимада ифодаланганлигини тушунтиради.
Суд айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишларни кўриб чиқиш чоғида:
келишувни тузишда гумон қилинувчининг, айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланган-таъминланмаганлигини ва ЖПКнинг 5861-моддасида кўрсатилган талаблар бажарилган-бажарилмаганлигини;
келишувнинг гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмаганлигини;
гумон қилинувчи, айбланувчи келишувнинг моҳиятини, унинг шартларини тушунган-тушунмаганлигини, унинг оқибатларини англаб етган-етмаганлигини;
судланувчи келишувни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватланмаслигини;
гумон қилинувчи, айбланувчи етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини аниқлайди.
Суд судланувчи ва унинг ҳимоячисининг, прокурорнинг, шунингдек зарур ҳолларда, жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) фикрини эшитади, шундан сўнг қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради.
Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.
Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида келишув тузиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар баён этилади, ЖПКнинг 5867-моддасида санаб ўтилган саволларга жавоблар шакллантирилади.
Айблов ҳукмининг қарор қисмида келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қарор ва судланувчига ушбу ҳукм юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳам баён этилади.
Ф.Абдураимов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг раиси
Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram