Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 26 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

×

 2021-03-25 21:19:39    195

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 675-сонли Қонунининг 2-моддасида Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига биноан сўроқ қилишдан иборат бўлиб, у ушбу Кодексда назарда тутилган суд муҳокамаси қоидаларига кўра суд томонидан амалга оширилади.

Гувоҳни, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги) ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш зарур бўлганда суриштирувчи, терговчи кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва уни зарур материаллар билан бирга прокурорга юборади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), гувоҳ ва ҳимоячи кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисида прокурорга мурожаат қилади.

Прокурор кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорнинг ёхуд мурожаатнинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ёки мурожаатни суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ёки ҳудудий ҳарбий судга юборади.

Илтимосномага кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигини тасдиқловчи жиноят иши материалларининг кўчирма нусхалари илова қилинади.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш шартлари

Суд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай кўриб чиқади ва илтимосномани қаноатлантириш ҳамда суд мажлисини тайинлаш ёки илтимосномани қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради ва бу ҳақда тарафларга хабар беради.

Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш бўйича суд мажлисини уч суткадан кечиктирмай ўтказади.

Агар судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлашни илтимосномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасида асоссиз деб топса, илтимосномани қаноатлантиришни рад этади.

Суднинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан ушбу ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин. Апелляция шикояти, протести ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилишга ва кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйишга ҳақли.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан шикоят, протест берилиши мумкин эмас.

Илтимосномани қаноатлантириш рад этилганидан кейин судга такроран мурожаат қилишга фақат кўрсатувларни мустаҳкамлаш тўғрисида илтимоснома бериш учун янги асослар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Гувоҳнинг, жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш судда сўроқ қилиш тартибига риоя этилган ҳолда, суриштирувчи, терговчи, прокурор, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва зарурат бўлганда процесснинг бошқа иштирокчилари иштирокида суд мажлисида ЖПКнинг 442-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигини асослайди.

Суд мажлиси аудио ва видеоёзувдан фойдаланган ҳолда, шунингдек видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчининг иштироки гувоҳ ёки жабрланувчи (фуқаровий даъвогар)нинг хавфсизлигига таҳдид соладиган ёки руҳий ҳолатига таъсир қиладиган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи суд мажлисига чақирилмайди.

Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Агар суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки ҳимоячи узрли сабабларга кўра келмаган ва бу ҳақда судга олдиндан хабар берган бўлса, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйишга доир ҳаракатларнинг амалга оширилиши кейинга қолдирилиши мумкин.

Гувоҳнинг ёки жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаб қўйишга доир ҳаракатлар амалга оширилганлиги ҳақида ЖПКнинг 426, 427-моддалари талабларига мувофиқ суд мажлисининг баённомаси тузилади.

Тарафлар суд мажлиси баённомасининг кўчирма нусхасини, шунингдек ўз ҳисобидан аудио ва видеоёзувларни олишга ҳамда суд мажлисининг баённомаси юзасидан ўз мулоҳазаларини беришга ҳақлидир.

Судья суд мажлисининг баённомаси юзасидан берилган мулоҳазаларни дарҳол кўриб чиқади ва уларни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Суд мажлисининг баённомаси, аудио ва видеоёзувлар, баённома юзасидан берилган мулоҳазалар ва уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор жиноят иши материалларига қўшиш учун прокурорга юборилади.

Баённоманинг ва унга илова қилинган материалларнинг кўчирма нусхалари судда сақланади.

Кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган гувоҳларни, жабрланувчиларни (фуқаровий даъвогарларни) қайта сўроқ қилишга кейинчалик судга қадар иш юритиш босқичида ёки суд муҳокамаси давомида кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган шахсга берилиши керак бўлган иш учун муҳим аҳамиятга молик янги саволлар туғилганда йўл қўйилади.

   Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг судьяси                                     

 Ш.Ваҳобов - Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг

судья ёрдамчиси                                                                  



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Telegram | Telegram murojaat | Youtube | Instagram