СЎХДА “ХОТИРА ВА ҒАЛАБА БОҒИ” БУНЁД ЭТИЛАДИ
2021-03-04 18:53:16 189
Туманимизнинг Сойбозор мавзеси Сўхнинг энг чиройли ва хушманзара ҳудудларидан ҳисобланади. Бу ерда – пурвиқор тоғлар этагида бунёд этилган ёзги амфитеатр Сўхликларнинг севимли масканига айланган эди. Бугун бу ерда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ташаббуси билан ҳашар ташкил этилди. Ташландиқ гўшага айланиб қолган амфитеатр ўрнида туман ҳокими сай-ҳаракати билан “Хотира ва Ғалаба” боғи бунёд этилади.
- Бу сўлим гўшада дам олиш маскани бунёд этишдан асосий мақсад фуқароларимиз учун маданий дам олиш шарт-шароитларини яратиб бериш, тарихий сана ва байрам тадбирларини айнан мана шу масканда ўтказиш, Сўхнинг мард ва жасур ўғлонлари, Ватан тараққиётига ҳисса қўшган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштиришдан иборат. Бу ерда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Совет Иттифоқи қаҳрамони Амирали Саидбеков ва Ленинград шаҳри қаҳрамони Тешабой Одилов хотираларига бағишлаб махсус гўша ташкил этиш ниятимиз бор, - дейди туман ҳокими.
Ташкил этилган ободонлаштириш ҳашарида фаол қатнашган туман ободонлаштириш бўлими ишчи-ходимлари, афғон уруши қатнашчилари, 12494-ҳарбий қисм аскар ва зобитлари бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилишди. Ҳашарчиларга амфитеатрнинг ўзида тушлик тайёрланди.
Боғни талаб даражасида ташкил этиш, янги ўриндиқлар ўрнатиш, эски фаввора ўрнига янгисини қуриш, фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан туманнинг қўли гул усталари чақирилиб, уларга туман ҳокимининг асосий мақсади тушунтирилди ва ҳисоб-китоблар натижасига кўра, эртадан бу ерда усталар иш бошлашади. - Маънавий ва маърифий тадбирларимиз бўлиб ўтадиган гўшада ҳамма нарса миллий менталитетимизга хос бўлиши лозим, усталарга керакли нарсаларни топиб берамиз ва албатта бу масканни обод гўшага айлантирамиз, - деди ҳашарда фаоллик намунасини кўрсатган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat