Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 20 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни (ажримни) қайта кўриш бўйича апелляция инстанцияси судида иш юритиш

×

 2021-02-28 16:25:44    189

PDF юклаш
Чоп этиш


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни (ажримни) қайта кўриш бўйича апелляция инстанцияси судида иш юритиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли.

Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан шикоят (протест) иш билан бирга уч сутка ичида апелляция инстанцияси судига юборилиши лозим.

Суднинг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан шикоят (протест) апелляция инстанцияси судига шикоят (протест) олинган куни юборилиши лозим.

Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни чиқарган судга берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш натижалари юзасидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини апелляция тартибида текширади.

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра, қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.

Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан шикоят берган шахс шикоятни қайтариб олишга ҳақли. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи протестни киритган прокурорга, шунингдек юқори турувчи прокурорга тегишлидир.

Ўзига нисбатан суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори чиқарилган шахс ўз адвокатининг шикоятини қайтариб олишга ҳақли.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олишга апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киргунига қадар йўл қўйилади.

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

МЖтКнинг 512, 513, 514, 515, 516, 517, 518, 519-моддаларида назарда тутилган биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари (протестлари) ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

Биринчи инстанция судининг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) берилган пайтдан эътиборан бир сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

Ишда иштирок этувчи шахслар апелляция шикояти (протести) кўриладиган вақт ва жой ҳақида суд чақирув қоғозлари, телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда кўрилади.

Апелляция инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни суд мажлисида ушбу параграфда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу Кодекснинг XXIII бобида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш қоидаларига биноан кўриб чиқади.

Суд мажлисида раислик қилувчи қандай иш кўрилишини, апелляция шикояти (протести) ким томонидан ва қайси суднинг қарори устидан берилганлигини маълум қилади, ишда иштирок этувчи қайси шахслар, уларнинг вакиллари келганлигини, ҳозир бўлганларнинг шахсини аниқлайди, мансабдор шахслар ва вакилларнинг ваколатларини текширади, ишда иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, рад қилиш ҳақидаги арзларни ҳамда илтимосномаларни ҳал қилади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни апелляция тартибида кўриш учун монелик қилмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни апелляция инстанцияси судида кўриш суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг маърузаси билан бошланади. Маъруза давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатлари, биринчи инстанция суди қарорининг мазмуни, апелляция шикояти (протести) важлари баён этилади.

Маърузадан кейин суд мажлисида ҳозир бўлган, ишда иштирок этувчи шахсларнинг, уларнинг вакилларининг тушунтиришлари эшитилади. Апелляция шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд агар прокурор протест берган бўлса, прокурор биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг сўзларини эшитиб, тегишли илтимосномалар мавжуд бўлганда ёки ўз ташаббусига кўра ишдаги мавжуд ва судга тақдим этилган (суд томонидан талаб қилиб олинган) янги далилларни текширади.

Суд апелляция шикоятининг (протестининг) важлари билан чегараланмай, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тўлиқ ҳажмда текширади.

Апелляция инстанцияси суди иш ҳолатларини аниқлаштиришни ва далилларни текширишни тамомлагач, ишда иштирок этаётган шахсларга улар судда тушунтириш берган кетма-кетликда музокараларга чиқиш имкониятини яратади.

Суд музокаралари тугаллангач, судья қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради.

Биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижаларига кўра, апелляция инстанцияси суди қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида;

2) биринчи инстанция суди қарорини, шунингдек органнинг (мансабдор шахснинг) қарорини бекор қилиш ва ишни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга (мансабдор шахсга) қайтариш ҳақида;

3) биринчи инстанция суди қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш ва янги қарор чиқариш тўғрисида;

4) биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;

5) жазо чорасини кучайтирмаган ҳолда уни маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатида назарда тутилган доирада ўзгартириш ҳақида;

6) апелляция шикояти (протести) қайтариб олиниши муносабати билан апелляция иш юритишини тугатиш тўғрисида.

Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилганидан кейин дарҳол ўқиб эшиттирилади.

Апелляция инстанцияси судининг қарори у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилганидан кейин унинг кўчирма нусхаси ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарилган шахсга, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган органга уч суткагача бўлган муддатда топширилади ёки юборилади, шунингдек жабрланувчига ўз сўровига биноан ушбу муддатда топширилади ёки юборилади.

Суднинг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари юзасидан чиқарилган қарор у қабул қилинган куни қарорни ижро этувчи органнинг, мансабдор шахснинг, шунингдек ўзига нисбатан қарор қабул қилинган шахснинг ва жабрланувчининг эътиборига етказилади.

          Х.Холиқов - Жиноят ишлари бўйича

                      Фарғона туман судининг судьяси