Озодликни чеклаш жазоси ва уни қўллашнинг ҳуқуқий асослари
2020-12-28 17:34:23 497
Озодликни чеклаш жазоси ва уни қўллашнинг ҳуқуқий асослари
Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг узвий давоми сифатида ривожланагн хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг бир қотор моддаларига жазо тизимининг бир тури сифатида, янги жазо тури озодликни чеклаш жазоси билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, шу йил 11 августдан қонуний кучга кирди.
Аввало, жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси бўлиб, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси жазо тизимида-жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш асосий жазо турлари мавжуд бўлиб, бу жазо турларига озодликни чеклаш жазоси ҳам киритилди.
Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.
Озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга, вояга етмаган маҳкумларга нисбатан эса асосий жазо чораси сифатида олти ойдан икки йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади.
Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.
Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:
муайян жойларга бормаслик;
оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
транспорт воситасини бошқармаслик;
маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.
Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.
Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.
Озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилишёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.
Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ёки суд белгилайдиган, маҳкумларнинг суд белгилаган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши устидан назоратни амалга оширадиган бошқа орган томонидан амалга оширилади.
Озодликни чеклаш муддати маҳкум жазоларни ижро этиш инспекцияларида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Маҳкум узрли сабабларсиз ўзбошимчалик билан яшаш жойида бўлмаган вақти озодликни чеклаш муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига келиши шарт.
Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан электрон кузатув воситалари қўлланилиши мумкин.
Муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.
Уй-жойидан чиқиб кетишига бутунлай тақиқ белгиланган маҳкумнинг доимий яшаш жойидан кетиши учун рухсатномага, маҳкумнинг тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиши учун рухсатномага, шунингдек маҳкумнинг яшаш жойини ўзгартириши учун рухсатномага прокурор томонидан санкция берилади.
Агар озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказган моддий ва маънавий зарарининг ўрнини қоплаган бўлса, жазоларни ижро этиш инспекцияси илгари маҳкумга белгиланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритади.
Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби ва шартлари маҳкум томонидан бузилганлиги учун жазоларни ижро этиш инспекцияси унга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чорасини қўллайди.
Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси судга маҳкум учун озодликни чеклашнинг ўталмаган муддатини жазонинг бошқа турига алмаштириш ҳақида тақдимнома киритади.
Ж.Хайдаров - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
девонхона мудири
П.Джўраев - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
судья ёрдамчиси