АСОСИЙ МАҚСАД – ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
2020-12-21 14:51:07 172
АСОСИЙ МАҚСАД – ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаровнинг алоҳида топшириғи асосида Наманган вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва кичик саноат зоналари фаолиятини ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида вилоятимизнинг барча туманлар ҳокимларининг Наманган вилоятига хизмат сафари уюштирилди. Ўрганишлар жараёнида Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ҳам иштирок этди.
Бизга етган маълумотларга кўра, Наманган шаҳрида 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, ушбу минтақаларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга катта аҳамият берилган. Мисол учун, “Юксалиш” кичик саноат зонасининг умумий майдони 82 гектар бўлиб, бу ерда 95 та ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти йўлга қўйилган. Ҳудуддаги ишлаб чиқариш тизимининг асосий қисмини тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, қурилиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этади.
Тадбиркорларга берилган ер майдонларидаги қурилган ишлаб чиқариш корхоналари асосан 3 ва 4 қаватли бинолардан иборат. Вилоят ҳокимлиги мутасаддиларининг сўзларига кўра, барча лойиҳалар маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари эвазига амалга оширилган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати