МЕҲР-МУРУВВАТ – ЭЪТИБОР НАМУНАСИ
2020-12-03 19:06:27 341
МЕҲР-МУРУВВАТ – ЭЪТИБОР НАМУНАСИ
3 декабрь – халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланади. Шу куни ҳаста, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олинади.
Қалъа маҳалласидаги 6-сон мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман прокурори Фарҳоджон Абдувалиев, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари Фарид Турабоев ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этишди.
- “Сўх туманида ҳам ижтимоий кўмакка мўҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан меҳр-мурувват кўрсатиш, уларга кўмак қўлини чўзиш, якка ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш, хаста-бемор ётган ватандошларимиз, айниқса, кўнгли хаста болажонларимизга нисбатан эътиборли бўлиш яхши анъанага айланиб қолган. Албатта, эътибор ва рағбат бўлган жойда, меҳр-оқибат мустаҳкам бўлган юртда юксалиш ва ривожланиш бўлади”-дея таъкидлади туман ҳокими ўз сўзида.
Тадбир давомида Сўх тумани мактабгача таълим бўлими томонидан мактабгача таълим ташкилотларига қамралмаган, имконияти чекланган 12 нафар болажонларга туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди. Тадбир давомида санъат ғунчаларининг кўй ва қўшиқлари, зебо рақслари иштирокчилар қалбига кўтаринкилик бағишлади. Дарҳақиқат, бундай эътибор ва рағбат кўнгли хаста инсонлар учун энг катта бахтдир.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати