МУРОЖААТЛАРДА ИНСОН ТАҚДИРИ МУЖАССАМ
2020-11-14 17:21:13 183
МУРОЖААТЛАРДА ИНСОН ТАҚДИРИ МУЖАССАМ
Барчамизга маълумки, бугун Республикамизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга нисбатан масъулият билан ёндошиш, камчилик ва муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимида амалий кўмак кўрсатиш механизми ўзининг самарасини бермоқда. Чунки мурожаатларга нисбатан хайрихоҳ бўлган раҳбарлар уларнинг ечимида ҳам ҳаракат қилишаётир. Зотан, ҳар бир мурожаат замирида, муаммо ва камчиликлар негизида инсон тақдири мужассам. Шундай экан, бугунги раҳбар фуқаро мурожаатига нисбатан бефарқ бўлмаслиги давр ва замон талабидир.
“МУРОЖААТ-СУХ ТУМАНИ” (https://t.me/murojaat_sux) телеграм-канали ҳам айни шу масалалар, аҳоли дарду муаммосини эшитиш, уларнинг ечимида амалий кўмак кўрсатиш, пировардида, ҳар бир раҳбар фаолиятига баҳо бериш учун ташкил этилган ва шу кунгача фуқароларимиздан юзлаб мурожаатлар келиб тушган, бироқ, бу мурожаатларнинг асосий қисмига ҳали мутасадди раҳбарлардан аниқ бир жавоб берилгани йўқ. Айтиш лозимки, мурожаатларнинг аксарияти иш жойи билан таъминлаш масаласида йўлланган. Мисол учун, ушбу масалада мутасадди раҳбарлар номига 30 октябр куни 5 та шундай мурожаатлар йўлланган, лекин орадан мана 15 кун ўтдиҳамки, бирон бир аниқ жавоб йўқ.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 29 октябрь кунидан то 4 ноябрь кунигача телеграм-каналимизга 17 та мурожаат келиб тушган. Лекин бу мурожаатларга жавоб бериш, уларни ўрганиб, мурожаатчига ахборот бериш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Мурожаатларнинг асосий қисми ишга қабул қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер майдони ажратиб бериш, бола нафақасини тайинлаш, электр-энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш, Тожикистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар муаммоси, газ таъминотидаги камчиликлар, янги мактаб бунёд этиш, шифокорларга бериладиган компенсация маблағи муаммоси, банк кредити каби масалалар ташкил этади. Мурожаатлар жавобсиз қолмаслиги учун биз яна бир бор мутасадди ташкилотларга ушбу мурожаатларни ҳавола қиламиз, агар шундан сўнг ҳам аниқ жавоб берилмаса, белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотларига мурожаат этишга мажбурмиз.
Ҳурматли Сух тумани фуқаролари! Агар Сизни бирон бир муаммо ўз гирдобига олган бўлса ё камчиликлардан қийнаётган бўлсангиз, бизга - https://t.me/murojaat_sux ёки https://t.me/suxliklars телеграм каналига мурожаат этинг. Илтимос, мурожаат йўллаётганда ўрнатилган тартибларга риоя этинг. Мурожаатда исмингиз, фамилиянгиз, яшаш манзилингиз ва телефон рақамингизни кўрсатишни унутманг. Чунки мурожаатлар мутасадди раҳбарлар томонидан манзилли ўрганилиши мумкин.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати