ФОЙДАЛАНИШДАН ЧИҚИБ КЕТГАН ЕРЛАР ЎЗЛАШТИРИЛМОҚДА
2020-10-17 17:20:32 229
ФОЙДАЛАНИШДАН ЧИҚИБ КЕТГАН ЕРЛАР ЎЗЛАШТИРИЛМОҚДА
2020 йил 8 август куни Президентимиз имзоси билан қабул қилинган 4798-сонли Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор асосида туманда кенг қамровли амалий ишлар қилинмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқ.
Ушбу қарор асосида қабул қилинган чора-тадбирлар Дастурининг 70-бандида туманнинг “Варган”, “Касмидон”, “Симодон”, “Малбут”, “Девайрон”, “Тоён” ва “Ҳушёр” массивларидаги фойдаланишдан чиқиб кетган 336 гектар суғориладиган ер майдонларини 11 та тик суғориш қудуқлари ва насос агрегатларини қуриш орқали ўзлаштириш кўрсатилган.
Сўх тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Муслимбек Мавлонбековнинг маълумотига кўра, айни кунларда туманнинг Қирғизистон республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган Варган массивида қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ерларни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мутасаддиларнинг бизга берган маълумотига асосан, бу массивда жами 4-та тик қудуқ ўрнатилиши лозим бўлиб, бугунги кунда 1-дона ўрнатиб бўлинди ва яна битта ана шундай суғориш тизими бунёд этиш ишлари олиб борилмоқда.
Режага асосан, Варган массивида 2-та қишлоқ хўжалиги кооперативи ва 10 та боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ташкил этилиши кўзда тутилган. – Агар режадаги ниятларимиз амалга ошса, жами бўлиб, бу массивда 78 гектар ер майдонини ўзлаштиришга ва 300 тага яқин иш билан таъминланмаган оилаларнинг бандлигини таъминлашга эришамиз, - дейди Муслимбек Мавлонбеков. Сентябр ойида Ҳушёр маҳалласининг Дукур массивида жойлашган 50 гектар фойдаланмайдиган ерга ҳам оби ҳаёт чиқарилди ва маҳалла аҳолисига тарқатиб берилди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати