“Қўшничилик - минг йилчилик”
2020-09-19 16:36:15 1183
“Қўшничилик - минг йилчилик”
“Қўшничилик - минг йилчилик” дейди доно халқимиз. Шундай экан, биз ҳар доим яқин қўшниларимиз билан ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона муносабатда бўлишимиз лозим. Мамлакатимизда бу йўналишда мўҳтарам Президентимизнинг одилона сиёсати туфайли эътироф этишга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Сух тумани вилоятимизнинг энг кенжа ва чекка, анклав тумани ҳисобланади. Тўрт томони Қирғизистон Республикаси билан ўралган гўшада қўшнилар билан ўзаро оқибат ва хайрихоҳликда яшаш бугунги куннинг асосий талаби ва ҳаёт тақозосидир. Зотан, “Ён қўшни – жон қўшни” мақоли ҳам бежиз айтилмаган.
Кеча туманимизга Қирғизистон Республикаси Баткен тумани вакиллари туман ҳокими Маркаев Каланбек Орозович бошчилигида ташриф буюришди. Туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев бошчилигидаги туманимиз вакиллари меҳмонларни давлатларимиз чегараси туташган жойда ўзига хос тарзда кутиб олишди.
–“Ташрифдан асосий мақсад асрлар оша шаклланган дўстлик ва яқин қўни-қўшничилик қадриятларни янада жонлантириш ва ўртадаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашдан иборат”, деди Қирғизистон ҳокими кутиб олиш маросимида.
–“Албатта, бугунги кунда икки давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган дўстона муносабатлар икки қўшни халқни янада бирлаштиради ва жипслаштиради, аҳиллик ва ўзаро дўстона алоқалар туфайли мамлакатларимиз тараққиёти ва ривожланишига биз ҳам ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишимиз лозим”, - деди кутиб олиш жараёнида Сух тумани ҳокими.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сух туманидаги бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар меҳмонларда жуда катта таассурот қолдирди. 2020 йилнинг 8 августидаги Президентимиз имзоси билан қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”гаи 4798-сонли қарорнинг мазмун-моҳиятига ошно бўлган меҳмонлар бу қарор дарҳақиқат, таърихий қарор экаанлигини алоҳида таъкидлашди.
Меҳмонларнинг ташрифи Сариканда маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Сух намунаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик корхонаси билан танишишдан бошланди. Жамият раҳбари Коримжон Ғоибназаров корхона бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти эътибори асосида қуриб фойдаланишга топширганлиги, ишлаб чиқариш жараёни, амалга оширилаётган ишлар ҳақида меҳмонларга гапириб берди. Меҳмонлар ҳам ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишиб, маҳсулотлар сифатлилиги ва энг асосийси, қиймати ҳамёнбоп эканлигини таъкидлашди. Қўшни давлатга ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишга ҳам келишиб олинди.
Айни кунда корхонада 30 дан ортиқ хотин-қизлар фаолият олиб боришади. Барча ишчилар учун корхонада қулай шарт-шароитлар яратиб берилган бўлиб, меҳнатларига яраша муносиб меҳнат ҳақи ҳам олишади. Ҳа, рағбат бор жойда ривожланиш бўлиши табиий ҳол албатта.
Сухнинг мафтункор табиати, муқаддас қадамжолари ҳар доим ҳар бир инсонни ўзига ром этган. Мафтункор табиат гўшасида жойлашган Ҳазрати Али зиёратгоҳида бўлган меҳмонлар иштирокида икки давлат ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамланиши йўлида дуолар қилинди.
Ўзбекистонда баркамол авлод таълим-тарбияси, мактабгача таълим муассасаларида тарбия олаётган фарзандларимиз ва умумий ўтра таълим мактабларида таълим олаётган ўқувчиларга ҳам давлатимиз томонидан алоҳида эътибр қаратилган. Тумандаги 6-сонли МТТ ҳам ўтган йили қуриб фойдаланишга топширилган. Ушбу муассасада бўлган Қирғизистон делегацияси аъзоларини муассаса тарбияланувчилари ўзига хос меҳмондорлик ила кутиб олишди. Ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида ижро этилган кўй-қўшиқлар меҳмонларга жуда манзур бўлди.
Туманимизнинг 4-сектори ҳам бугун ободоналаштириш ҳудудига айланган десак, муболаға эмас. Бунга меҳмонлар ҳам ташриф чоғида гувоҳ бўлишди. Чумоқча маҳалласида давлат хусусий шерикчилик асосида қурилган янги маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси, тадбиркор Шавкатжон Акбаров томонидан маҳалла биноси ёнида қурилаётган аҳолига маиший хизмат кўрсатиш комплекси, Чашма маҳалласида “Бинокори моҳир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қурилаётган янги замонавий кўп қаватли уй-жойлар, Зангат маҳалласида фаолият олиб бораётган уста-дурадгорлар ишлари, улар томонидан яратилган ёғоч-уймакорлик намуналари, эшик-ром, дарвоза, миллий ҳунармандчилик йўналишида яратилган халқона дам олиш сурилари меҳмонларда ўзига хос ҳавас ва шавқ-завқ уйғотганини уларнинг юз-кўзларида кўриниб турарди.
Туманимиз марказига ўзгача чирой бағишлаётган давлат хизматлари марказига ташриф буюрган меҳмонларга марказ директори Мухторжон Сайидаҳмедов бугунги кунда марказ томонидан аҳолига 140 дар ортиқ хизмат кўрсатилаётгани, бир кунда 100га яқин мижозлар марказ хизматидан баҳраманд бўлаётганликлари, ҳатто Фарғона ва Тошкент шаҳрига бормасдан ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш, хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олганлик ҳақидаги дипломларни нострификация қилиш ишлари ҳам бевосита марказда бажарилаётгани ҳақида маълумотлар берилди. Замонавий электрон навбатда туриш жараёнини бошқарадиган мослама, замонавий хизматлар банки, инфо-киосклар Сухликлар хизматида эканлиги ҳам меҳмонларга тушунтириб берилди. –“Бизда Сухлик тадбиркорларга ҳар доим беғараз ёрдам кўрсатилади. Шунинг учун, туманимизда тадбиркорлик ривожаланмоқда, бунинг барчаси Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли амалга оширилмоқда”,-деди марказ директори меҳмонларга.
Дарҳақиқат, бугун туманимизда тадбиркорлик ривожланмоқда. Тарихий 4798-сонли қарор асосида туманимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Янги эркин иқтисодий минтақалар ташкил этилмоқда Сух туманида. Малбуд массивида шаклланаётган иқтисодий минтақада бўлган меҳмонлар туманнинг иқтисодий салоҳияти, тадбиркорлик ривожига замина бўлаётган ҳудуд иқтидорига гувоҳ бўлишди. Бу ерда тадбиркорлик штаби ҳам ташкил этилган бўлиб, тадбиркорлар учун барча зарурий шароитлар яратиб берилган. Туман инвестицион салоҳиятини ўзида мужассамлаштирган иқтисодий минтақада Сухнинг тараққиёти ва ривожига бугундан ишончли қадамлар қўйилмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ҳудудда савдо-саноат соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қўшни туманлар раҳбарлари келишиб олдилар.
Ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш, икки қўшни туманлар орасида барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни йўлга қўйиш масалалари туманнинг “Халифа Маҳматов” номли дам олиш гузарида муҳокама этилди. Ташриф якунига бағишланган ўзаро сўҳбатда томонлар кўп масалаларни биргаликда ҳал этиш бўйича маслаҳат қилишди. Ўзаро келишувга биноан табиий реусурслар – яйловлар, ичимлик ва суғориладиган сув манбасидан фойдаланиш, демаркация масалалари ҳал этилган ҳудудларда икки томон манфаатдорлигига хизмат қилувчи лойиҳаларни амалга татбиқ этиш бўйича фикрлар алмашилди.
Сўҳбат ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва аҳил қўшничилик тамойилларга асосланиб ўтказилди. Учрашув давомида икки қўшни туман ҳокимлари ўзаро қимматбаҳо савғалар алмашинувини амалга оширишди. Хулоса, икки томон учрашуви дўстона рўҳда бўлиб ўтди ва бу учрашув давлатларимизнинг келажакдаги стратегик ҳамкорлигига асосий омил бўлиб хизмат қилади десак, хато эмас.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати