Тадбиркорлар билан учрашув
2020-09-18 17:20:57 183
Тадбиркорлар билан учрашув
Тадбиркор – элга мададкор деб бежиз айтишмаган. Туманимизда кундан кунга тадбиркорлик ривожланяпти. Бунга Президентимиз томонидан берилаётган эътибор асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Зотан, тадбиркорлик билан шуғулланадиган инсон борки, фақат ишлаш, меҳнат қилиш ва ушбу меҳнат орқали халққа фойдаси тегишини хоҳлайди. Айтиш мумкинки, берилаётган эътибор ва яратилган қулайликлар билан бирга соҳа ривожига баъзи муаммолар монелик қилмоқда. Муаммоларни ечиш, камчиликларни бартараф этилишида мутасадди раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сух тумани Халқ қабулхонаси, туман ҳокими биринчи ўринбосари М. Ботиров ҳамда туман прокурори Ф. Абдувалиев билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбиркорлик штабида туман тадбиркорлари билан учрашув ташкил этилди. Тадбиркорлар штаби туманинг Малбуд маҳалласи – кичик иқтисодий минтақада жойлашгани ҳам ўзининг сабаблари бор. Чунки ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз айни шу минтақада фаолият олиб боришади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси мудири М. Жумаев ҳам иштирок этди. Учрашув жараёнида асосан тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида гапирилди. Тадбир давомида 21 та тадбиркор билан суҳбат ўтказилди, муаммолар аниқланди ва ижроси юзасидан қарорлар қабул қилинди. Жараёнда масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, уларга алоқадор бўлган муаммолар жойида ечилди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати