Судлар фаолиятида ўзаро фаол рақамли иқтисод одимлари
2020-09-14 17:00:42 155
Судлар фаолиятида ўзаро фаол рақамли иқтисод одимлари
Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.
Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш лозим бўлади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябр куни “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичида қуйдаги вазифалар белгиланди:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
Шу борада, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланиб, унга асосан:
2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;
судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш ишларини йўлга қўйиш назарда тутилди.
Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланиб, унда:
28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;
судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;
муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;
судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;
судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш назарда тутилди.
Бундан буён, Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.
Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиб, унда:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш назарда тутилган.
Шунингдек мазкур қарорда Олий суд 2020 йил якунига қадар:
суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқсин ва уни амалиётга жорий этиш;
Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш белгиланган.
Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги таклифларига розилик берилиб:
Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш;
Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартибини ўрнатиш назарда тутилмоқда.
Ф. Абдураимов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг раиси
Х. Холиқов - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг судьяси