Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 45 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Волонтёрлик фаолиятини қонун билан тартибга солиш қанчалик муҳим эди?

×

 2020-09-14 10:03:44    210

PDF юклаш
Чоп этиш


Волонтёрлик фаолиятини қонун билан тартибга солиш

қанчалик муҳим эди?

Маълумки, ҳар бир ҳукумат жамият ҳаётини ҳар томонлама тартибга солиш, инсонлар ҳаётини барча жабҳасини қонун билан ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлган низом ва тартиб-қоидаларни ишлаб чиқади. Мақсад, ижтимоий зиддиятлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар ҳаётининг дахлсизлигини таъминлаш.

Шундай экан, содир бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодиса ёки ҳатти-ҳаракат доимий равишда экспертлар томонидан таҳлил қилиб борилиши тақозо этилади. Кейинги вақтда оммавий ахборот воситалари ва интернетнинг жадал ривожланиб бориши бизга бутун дунё манзарасини ҳар сонияда кузатиб бориш имконини оширмоқда. Бошқа давлатларда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар, табиий ва техноген фавқулодда ҳолатлар тўғрисидаги ахборотлар сониялар ичида бутун ер юзи бўйлаб тарқалмоқда. Ушбу вазиятларда ҳукуматларнинг махсус ваколатли ташкилотларидан ташқари кўнггиллилардан иборат турли ижтимой гуруҳларнинг (волонтёрлик ташкилотлари) олиб бораётган ҳатти-ҳаракатлари волонтёрлик фаолиятининг кенг ривожланиб бораётганини кўрсатади.

Волонтёрлар кўнгилли тарзда (янада тушунарлироқ қилиб айтилса, холис, фидокорона, савоб учун) инсонлар ва жамият учун манфаатли бўлган, фаолиятида аниқ мақсадга эга бўлган гуруҳлар ҳисобланади.

Дунёдаги бошқа мамлакатларда волонтёрлик фаолияти ривожланиб бораётганини истисно этмаган ҳолда айтаман-ки, юртимизда ушбу замонавий ижтимоий ҳаракат азалдан чуқур илдиз отган. Масалан, ҳашар йўллари билан умумхалқ ҳаракатлари ўтказилиши, атроф-муҳит ва табиатни тозалаш, экологик тартибга келтириш, ҳашар йўллари билан масжид ва мадрасалар қуриш, маҳаллада уй-жой қураётган қўшнига кўнгилли равишда оммавий ёрдам билан уйини тиклаб олишга кўмаклашиш – буларнинг барчаси айнан қонунда назарда тутилган волонтёрлик фаолиятининг миллий ва этник кўриниши ҳисобланади. Бир неча аср аввал тарихда яшаб ўтган аллома бобомизнинг машҳур “Дил ба Ёри, даст ба кор” шиори остида халқ орасида олиб борган эзгу ишлари ҳам халқимизнинг қон-қонида кўнгилли равишда савоб ва хайрли ишларга бўлган ички рағбатнинг ва самимий ташаббуснинг баланд бўлганлигини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, қонундан кўзланган мақсад ҳам юртимизда кўнгиллилар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, волонтёрлик фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйишни таъминлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди.

Ҳозирги вақтда ер юзида 100 га яқин мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Улар давлатлар томонидан ҳар томонламақўллаб-қувватланаётганлиги боис, кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда волонтёрлар фаолиятини тартибга солувчи аниқ механизм мавжуд бўлмаганлиги сабабли, қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдириш ҳамда ушбу фаолият тури билан боғлиқ ҳолда содир бўлиши мумкин бўлган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил 2 декабрда ЎРҚ-585-сон “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонуннинг 3-моддаси фаолият тўғрисидаги асосий тушунчаларни белгилайди:

волонтёр — волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс;

волонтёрлик — фуқаролар, уларнинг гуруҳлари ёки волонтёрлик ташкилотлари томонидан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ихтиёрий фаолиятни амалга ошириш;

волонтёрлик фаолияти — жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият тури ҳисобланади.

Волонтёрлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари:

Волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.

Қонунга кўра волонтёрлик фаолиятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш;

ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам кўрсатиш;

волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш;

фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олиш.

Қонунга мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.

Фавқулодда вазиятлар оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир ишларни амалга ошириш учун фақат ўн саккиз ёшдан катта бўлган волонтёрларга ижозат берилади.

Шунингдек, волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ушбу Қонуннинг қоидаларига риоя этган ҳолда ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.

Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланиши лозим.

Волонтёрлик фаолиятини илгари суриш ҳамда амалга ошириш борасидаги хизматларини эътироф этиш ва баҳолаш белгиси сифатида жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мукофотланиши мумкин.

Давлат органлари волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги хизматларни эътироф этиш бўйича турли фестиваллар ўтказиши мумкин. Бу билан жамиятда волонтёрлар ҳатти-ҳаракатини олқишлаш, уларнинг самарали меҳнатини ижобий баҳолаш ва ижтимоий гуманитар ёрдам кўрсатувчилар сафини янада кенгайтириш мумкин бўлади.

2020 йил кўплаб дунё мамлакатлари қатори юртимизга ҳам синовли келди. Коронавирус эпидемияси даврида кўнгилли тарзда кўмакка ошиққан юзлаб ёшларнинг ҳатти-ҳаракати айнан волонтёрлик фаолиятининг ўрни, мақсад ва вазифалари жамият учун нақадар муҳим эканлигини исботлади.

М.Қодиралиев - Сўх туман адлия бўлими бошлиғи