ХАЙРЛИ ТАШАББУС
2020-09-09 18:24:32 170
ХАЙРЛИ ТАШАББУС
Ватан ободлиги маҳалла ободлигидан, энг асосийси, кўнгил ободлигидан бошланади. Сарибозорча маҳалла фуқаролар йиғинида шундай Ватанпарвар инсонлар борки, бутун куч-ғайрат, сай-ҳаракатини ушбу муқаддас макон ободлигига бағишлаган. Тоиржон Нуров Халқ депутатлари Сух туман Кенгашининг депутати. Тўрабой Зиёдуллоев ҳам бутун умрини баркамол авлод таълим-тарбиясига бағишлаб, бугун бутун кучини маҳалла ободлигига сарфлаётир. Бу каби ишларни Тоиржон-ака маҳаллага раислик қилган кунидан бошлаган. Зотан, маҳалла буюк Ватаннинг остонасидир.
Бу икки ташаббускор инсон ҳаракати билан маҳаллада янги қабристон бунёд этилмоқда. -"Саховатпеша ҳомийларимиздан чексиз миннатдормиз. Фарзандларимиз Россиядан пул жўнатишмоқда, маҳалладошлар ўзидан ортганини бу хайрли ишларга сарфламоқда",-дейди Тоиржон Нуров. -Ишларнинг асосий қисми бу ерда бажариб бўлинди, энди қолган қисмини кузнинг охиригача етказиш ниятимиз бор...
Турабой Зиёдуллоев бутун умрини баркамол авлод таълим-тарбяисига бағишлаган зиёилардан. Бугун эса, маҳалла оболиги йўлида астойдил бел боғлаган. Домланинг сўзларига кўра, бугун олдинги битта маҳалла – Сарибозорча маҳалла фуқаролар йиғини ўрнида эндиликда иккита маҳалла мавжуд. Ҳазрати Али маҳалласи ташкил этилганидан сўнг Сарибозорчада ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам бошланиб кетди. Таъбир жойиз бўлса, олдин бу инсонларнинг бозори ҳам, мозори ҳам бир эди.
-“Ҳақиқатан ҳам, олдинлари биз бир ҳудудда, бир маҳаллада яшар эдик. Эндиликда бир эзгу мақсад сари – маҳаллани обод этиш йўлида ҳаракатдамиз. Тўрт йил олдин маҳалла аҳли талаб ва истакларини инобатга олиб, туман ҳокими қарори билан Сарибозорча ҳудудида қабристон бунёд этиш учун 1,5 гектар ер майдони ажратилган. Лекин бу йиллар ичида баъзи сабабларга кўра, қабристон қурилиши қолиб кетган эди. Бугунги кунда Тоиржон Нуровнинг бевосита ташаббуси билан қабристон қурилиши бошланиб кетди ва биз ҳашар тариқасида бу ерда учта бино қурдик, қабристон атрофини девор билан иҳоталадик. Бу ишларда саховатпеша ҳомийларимиз, айниқса, ёшлар яқиндан моддий қўллаб-қуватлашди. Шу кунгача қурилиш ишларига 70 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бизни қўллаб-қуввталаган, моддий жиҳатдан ёрдам берган саховатпеша инсонларга миннатдорчилик билдираман”, - дейди Турабой Зиёдуллоев.
-“Ўзимиз яшайдиган ҳудудни обод этиш учун инсонга вазифа керак эмас, яъни депутат ёки маҳалла раиси бўлиш шарт эмас. Ҳамма нарса инсоннинг ўзига, унинг қалби ва виждонига боғлиқ. Шу кунгача анча ишларни амалга оширдик. Албатта, бунда халқимизнинг ёрдами, моддий- маънавий қўллаб-қувватлаши бизга кўмак бўлди. Лекин ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишларимиз жуда кўп. Мен ҳам депутат сифатида барча инсонларга берган беғараз ёрдами ва кўмаги учун ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Биргаликда бир куч биўлиб, анча ишни амалга оширса бўлади”,-дея сўз очди Тоиржон Нуров.
Қабристон бунёд этилишининг биринчи кунларидан бошлаб, ташаббускорларга кўшни Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини раиси Субҳонали Нишонов ҳам елкадош бўлди. Дарҳақиқат, биргалдик қилинган ишда барака бўлади. -Қабристон қурилишини охирига етказсак, маҳалламиз марказида “Оталар чойхонаси” бунёд этиш ниятимиз бор - дейди Тоиржон Нуров.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати