Хайр-саховат амаллари кенг қулоч ёймоқда
2020-08-26 18:09:21 151
Хайр-саховат амаллари кенг қулоч ёймоқда
Вилоятимизнинг энг чекка ва сўлим гўшаси – Сух туманида ҳам истиқлолимизнинг 29-йиллик тўйини муносиб кутиб олиш мақсадида турли хил тадбирлар, хайрия амаллари ўтказилмоқда. Байрам муносабати билан ҳарбийлар томонидан ташкил этилаётган хайр-саховат тадбирлари айниқса, эътирофга лойиқ. “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шоир остида ҳарбийларимиз кам таъминланган, ҳимояга мўҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишмоқда.
-“Албатта, ҳар бир тарихий сана ва тадбирлар араафсида бундай эзгу амалларни ташкил этиш биз учун анъанага айланиб қолган. 12494-ҳарбий қисми вакиллари билан биргаликда туманимизда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалар ҳолидан айни истиқлолимизнинг шонли тўйи арафасида хабар олиб, уларга совқа-саломлар баробарида меҳр-оқибат улашяпмиз. Зотан, меҳр-оқибат борки, инсон фарзанди бир-бирига яқин, аҳил ва иноқ бўлиб қолади”,- дейди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Тоҳиржон Жалилов.
Куни кеча Сух туман мудофаа ишлари бўлими ва 12494-сонли ҳарбий қисм хизматчилари Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга ташриф буюришган бўлса, бугун улар Шарқобод ва Малбут маҳаллаларига йўл олишди. Бу маҳалладарда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларга ташриф буюриб, уларни жонажон Ватанимизнинг 29-йиллик тўйи муносабати билан табриклаб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини байрам совғаси сифатида тақдим этишди. Мутасаддилар сўзларига кўра, бундай эзгу амаллар мунтазам давом этади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати