Муқаддас тупроғим, жаннатмонанд Сўх
2020-08-22 17:49:06 323
Муқаддас тупроғим, жаннатмонанд Сўх
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Ота юртнинг офтобда жизғанак бўлиб ётган тошлари, димоқни ёқимли ифори қитиқлайдиган гиёҳлари, жилға сойлари, меҳмонга мунтазир шарқона ҳовлилар бўйлаб учрайдиган қиёфаси қадрдон, ўзи нотаниш ҳамюртлар, буларнинг барча-барчаси суюкли ва қадрлидир.
Айниқса, йўлларимиз бир муддат она-Ватандан айро тушганида бундай туйғулар моҳиятини янада теранроқ англаб етиш мумкин.
Бугунги кунда асрларга татигулик янгиланиш ва ўзгаришлар туфайли халқимиз эътиборида бўлиб келаётган Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманига бориш учун қўшни давлат ҳудудида бир соатдан ортиқ йўл босгач, “Чашма” божхона-чегара назорат масканига етиб келдик. Ҳилпираётган давлатимиз байроғини кўриб, юрагимиз ҳапқирди, ватан остонаси, унинг тупроғи жондек азиз эканлигини яна бир бор ҳис этдик. Паспортларимизга муҳр урилгач, юртимизнинг бир парчаси – Сўх заминига қадам қўйдик.
Тўрт томондан осмонўпар тоғлар билан қуршаб олинган бу масканнинг таровати ўзгача. Олой тизмасининг Қатронтоғ, Обишир, Лазар каби тоғлари ёнбағирларида жойлашган мафтункор Сўх тумани ўзининг зилол булоқлари, жўшқин сойлари, кўкка талпинган арчалари, ранго-ранг гулларию лолақизғалдоқлари, ҳатто харсангтошларидан ҳам гиёҳларнинг ҳиди уфуриб турадиган бетакрор табиати билан бу ерга келган кишида унутилмас, ёрқин таассуротлар қолдиради.
Қўшни Қирғизистон Республикасининг Қадамжой ҳамда Боткен туманлари билан чегарадош бўлган Сўх воҳаси Фарғона вилоятининг юқори сейсмик зонасида, денгиз сатҳидан 1400-1800 метр баландликда жойлашган. Иқлими субтропик, ёғингарчилик йиллик ҳисобда ўртача 250-274 мм. ни ташкил этади. Бу ердан Сўх дарёси оқиб ўтади. 1990 йил 27 февралда, яъни истиқлолимиз арафасида Сўх Фарғона вилоятида алоҳида туман сифатида қайтадан ташкил этилди.
Шу кунларда давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори натижасида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Кўҳна тарихга эга Сўх янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги сифатида чин маънода янгиланяпти. Буюк яратувчанлик руҳи билан яшаётган Сўх бугунги кунда ҳар қачонгидан гўзал, ҳар қачонгидан мафтункор. Бу гўзалликни рассом энг ёрқин рангларда акс эттиришга чоғланади, шоир энг латиф сўзларни қидиради. Яна бир муҳим жиҳат. Бу масканнинг энг асосий бойлиги содда ва самимий, меҳнаткаш одамларидир.
Чегарадан ўтишингиз билан Чашма қишлоғи бошланади. Булоғининг таърифини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. Бу сув жонга роҳат бағишлайди. Сўх меваларининг ўзига хос таъми ҳам балки шу сувдан баҳраманд бўлганидадир.Тўғриси, қишлоқ одамлари мақтанишни, хушомадни хуш кўрмайди. Айниқса, тоғ одамлари гапнинг дангалини айтади.
–Чашмамиз оддий булоқ эмас, табаррук жой, -дейди шу қишлоқлик меҳнат фахрийси Акбарали Шералиев. – Сувини қониқиб ичган инсондан ғубор кетади, руҳи тетиклашади. Қанча кишилар бу шифобахш сувдан ичиб, дарддан фориғ бўлмаган дейсиз. Мана кўриб турибсизлар, ўзбек ҳам, қирғиз ҳам шу булоқдан сув ичади, экинини суғоради. Не асрлардан бери халқларимиз иноқликда шу ариқни тозалайди. Бу сув-мўъжиза. Шу боис ҳам булоқ ҳақида турли ривоятлар бор. Заминимиз Оллоҳ назар қилган жой. Биз нуронийлар туманимиздаги ўзгаришларни кўриб, янада ёшаргимиз келяпти.
Ҳа, бугун бу ерда ким билан гаплашманг, эзгу ишлардан мамнун эканлигини билдиради. Сўхликларнинг меҳмоннавозлигига эса қойил қоласиз. Меҳмон учун борини тўкиб солади.
Чашма булоғини зиёрат қилганимиздан сўнг ҳамроҳимиз, туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Анваржон ака бизни шу маҳаллада бўлаётган уй тўйига олиб борди. Гап шундаки, Чашма воқеаларида Раҳматжон Тўхтасинов ва Равшанжон Тўхтаназаровларнинг уйи талафот кўрганди. Ҳукуматимизнинг топшириғи асосида қисқа вақт ичида бу уйлар тикланди. Раҳматжон аканинг хонадони капитал таъмирланган бўлса, Равшанжон аканинг хонадони янгидан қурилиб берилди. Қурилиш- таъмирлаш ишлари"Ал-Беҳруз қурилиш инвест" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиб, 600 миллион сўмдан зиёд маблағ сарф этилди. Бу икки хонадон оила аъзоларининг қувончи чексиз. Қариндошлар, қўни-қўшнилар янги уй билан қутлаб, эзгу тилакларини билдиришди.
–Яхши меҳмон ош устига, – дейди Равшанжон ака. –Қани янги уйимизга марҳамат меҳмон. 8 хонали янги уйга кўчиб ўтдик. Президентимизга раҳмат.
Ёши катталар яхши эслайди. Илгарилари пишган ғиштдан иморат қилиш, янги автомашина олиб миниш, хусусий мулкка эга бўлиш эртакдек гап эди. Бугун, барчаси ўзгарди. Хусусан, қишлоқлардан ўтиб борарканмиз, бир-биридан кўркам, муҳташам уйларни кўриб ҳавасимиз ортди. Бугун ҳар бир сўхликнинг хонадонида автомашина бор. Ҳатто энг қимматини ҳам шу ерда кўришингиз мумкин. Бу уларнинг ишбилармонлиги ва меҳнатининг самараси. Туманда тадбиркор бўлиб, юрт ободлигига ҳисса қўшаётган инсонлар жуда кўп.
Чумоқча қишлоғилик Дадахон Акбаров ана шундайлардан бири. Кичкина бир қишлоқда шаҳардан қолишмайдиган ресторан ва савдо маркази бўлишини ким ўйлабди, ахир. Тадбиркор ўтган йилда ана шу ишга бош қўшди. Фарғонанинг бошқа ҳудудларидаги моҳир ошпазларни бу ерга таклиф этди. Шу боис бугунги кунда бу жойнинг таърифи машҳур. Ҳаракат қилган одам албатта, кўзлаган мақсадига етади. Дадахон ака ҳам “тишлаган жойини” қўйиб юбормайдиганлардан. У анчадан буён ўз қишлоғида хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриш ниятида эди. Президент қарори асосида ишлаб чиқилган манзилли Дастурга кўра, бу ҳам амалга ошишни бошлади. Давлат хусусий шериклик тамойили асосида 4 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига мазкур мажмуа бунёд этилмоқда.
–Сўхнинг табиий-иқлим шароити шириндан-шакар мевалар етиштириш учун жуда ҳам қулай, –дейди “Лембург” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи боғбон Маҳаммадназир Нурматов. – Олимлар билан қадимги бодом навларини тиклаш, хориждан ҳосилдор ёнғоқ кўчатларини олиб келиб, маҳаллий шароитга мослаштириш, харидоргир олма навларини кўпайтириш борасида ҳамкорлик олиб бориляпти. Мевазор боғларни кўпайтириб, жаҳон бозорига сархил мева-сабзавотлар етказиб берамиз. Айни кунга қадар Сўх дарёсидан 1,5 километр сув тармоғи олиб келдик. Эндиликда 3 гектар ердаги боғларни томчилатиб суғорамиз. Бу усул ҳосилдорликни оширади, сувни ва пулни тежайди.
“Олтин олма, дуо ол” дейди, доно халқимиз. Дарҳақиқат, дуонинг қудрати барча сарват ва бойликлардан ҳам устундир. Иноятхон Жумаева Истиқлол маҳалласида яшайди. 1921 йилда туғилган момо туманнинг фахри. Иноятхон момо бугун ўзининг яқинлари - фарзанду набира, набира ва чеваралари ардоғида.
Биз онахонни зиёрат қилиш мақсадида хонадонига бордик. У кишининг бундай йўқловдан боши осмонга етди.
–Илойим осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч ва Юртбошимизнинг боши омон бўлсин! Менинг ёшимга етинглар, – дея Иноятхон момо қўлларини дуога очди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилинган“2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудни ҳар томонлама тараққий эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.Улкан бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи ўзгармоқда. Қарорга кўра, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тармоқларини ривожлантириш мақсадида умумий узунлиги 160 километр шағал қопламали йўлларни цементобетон қопламаларга ўтказиш ва асфальт қоплама ётқизиш,106 километр тупроқ йўлларни шағаллаш, 40 километр цементобетон пиёдалар йўлларини қуриш бошланди.
Шунингдек, аҳолинингэлектр–энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди. Бу ерда янги подстанция фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида қўшимча 16 000 кВА қувват яратилиб, 15мингдан зиёд истеъмолчилар узулуксиз энергиябилан таъминланди.
–Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастурига кўра Ровон шаҳарчасида ҳар бири 30 хонадонли 7 та 5 қаватли уй-жойлар қурилади. Турар-жой массивлари учун ер майдонлари ажратилди, қурилишга тамал тоши қўйилди, – дейди туман ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев. –Кўҳна маскан ўзига хос ер ости бойликларига кон. Жумладан, оҳактош, гил, бентонитли гил, гипс, сланец, қум шағаллардан самарали фойдаланиш бунёдкорлик ишларини ривожлантириш, арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янги босқичга олиб чиқади.
Президентимиз қарорида сўхликлар ижтимоий –иқтисодий, маданий, маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, автомобил йўлида ҳаракатлар қатновини амалга ошириш борасида иш олиб борилмоқда. Яқин кунларда Риштон туманидан Сўх туманига“Риштон-Равон” йўналиши орқали автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 29 йиллигини қутлуғ шодиёна сифатида нишонлашга катта тараддуд кўрилмоқда. Унинг шукуҳини мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида, хусусан, Сўхда ҳам яққол сезиш мумкин. Гап рақамларда эмас. Кейинги йиллардаги бемисл ислоҳотлар бугун оддий одамлар ҳаётида акс этяпти. Уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётир. Сиз ҳам Сўхга бир келинг, эзгу ишларнинг гувоҳи бўлинг!
Асрлар мобайнида ёнма-ён, бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ яшаб келаётган халқларимизнинг яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳияти беқиёсдир. Бу борада ҳаётий тажриба Сўхда яна бир бор яққол намоён бўла бошлагани қувонарли, албатта. Шоир бежизга “Муқаддас тупроғим, жаннатмонанд Сўх!” деб ёзмаганига ишонасиз.
Айтинг-айтинг, қаерда дарахт экилади, одамлар уй қуради, тўйлар кўпайиб, бунёдкорлик ишлари амалга оширилади?! Албатта, тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган юртда-да!
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА