Сўх туманида самолёт ва вертолётларга учиш-қўниш майдончаси ташкил этилмоқда
2020-08-12 19:15:06 174
Сўх туманида самолёт ва вертолётларга учиш-қўниш майдончаси ташкил этилмоқда
Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида режалаштирилган барча чора-тадбирлар ўз муддатида сифатли амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов бугун туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган. Айни кунларда бу борада амалий ишлар бошланди. Хусусан, Сўх тумани “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган. Шунингдек, “Фарғона” халқаро аэропортида ҳам мазкур йўналишда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилди.
Авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга ҳисобланади. Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиқатновлар кўпайиши мумкин.
Транспорт вазирлиги авиақатновларнинг чипта нархлари йўловчилар учун мақбул нархларда бўлиши бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Қарорда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаш белгиланган.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати