Бош вазир: Сўх бўйича ҳеч бир топшириқ қоғозда қолмайди
2020-08-12 18:57:44 201
Бош вазир: Сўх бўйича ҳеч бир топшириқ қоғозда қолмайди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов иштирокида Сўх туманида бўлиб ўтган фаоллари йиғилишида Президентимизнинг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар муҳокама этилди.
Мамлакатимизнинг чегарадош ҳудудларига қаратаётган юксак эътиборни Сўх тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бугун қайси бир жойга борманг аҳоли фаровонлиги учун муҳим бўлган ичимлик суви ёки электр-энергия таъминотини яхшилаш, кўчаларни асфальтлаш, янги иншоотларга пойдевор қўйиш каби эзгу ишлар қизғин паллага кираётганига гувоҳ бўласиз. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида тумандаги муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ўрганиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг 8 августда қабул қилинган қарори эса бу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Қарор билан тасдиқланган 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастурига 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, 639 миллирад сўм маблағ сарф этилади. Мазкур ишлар натижасида 11 мингдан ортиқ аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Биргина саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 95 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 5 000 та янги иш ўринлари яратилади.
Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида 160 км шағал қопламали йўлларни цементобетон қопламага ўтказиш ва асфальт қоплама ётқизиш, 106 км тупроқ йўлларни шағал қопламага ўтказиш ва 40 км цементобетон пиёдалар йўлакларини қуриш белгиланган. Туман марказида Ровон шаҳар бош режасига мувофиқ ҳар бири 30 хонадонли 7 та 5 қаватли уй-жойлар қурилади. Тиббиёт, таълим ва бошқа йўналишда амалга ошириладиган ишлар ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, улар учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан саналади. Бу бўйича амалга оширилган ишлар натижасида уч мингдан ортиқ ишсизларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. 345 нафари Тошкент шаҳридаги йирик қурилиш ташкилотларига, 995 нафари тумандаги муаассасаларга доимий ишга жойлаштирилди. Ички йўлларни таъмирлаш учун 18 миллиард сўм сарфланди. 15 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланди. 20 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Ҳудудларда алоқа сифатини яхшилаш мақсадида 74 километр оптик тола тармоғи тортилиб, 5 та база станциялари ўрнатилди. Хушёр массивидаги фойдаланилмаётган 200 гектар майдон ўзлаштирилди. Бу каби ишларни кўплаб айтиш мумкин.
Республика ишчи гуруҳи томонидан мутасадди раҳбарлар иштирокида Дастур доирасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанининг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш ва бажарилган ишларни мунтазам муҳокама қилиб бориш топширилди.
Туман фаоллари йиғилишида ана шу йўналишда белгиланган вазифалар чуқур таҳлил этилди. Сўх тумани учун чиқарилган мазкур қарор унинг истиқболини белгиловчи муҳим дастуриламал бўлганлиги таъкидланди. Сўз чиққан фахрийлар, маҳалла фаоллари бу каби эзгу ишлар учун Президентимизга ўз миннатдорликларини билдиришди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати