Яна 3 нафар бемор реабилитация қилинди
2020-08-01 11:54:22 152
Яна 3 нафар бемор реабилитация қилинди
Кун қаҳрамонлари. Ким улар? Бу саволга ҳар бир инсон ҳар хил жавоб бериши мумкин. Албатта, ўзининг шахсий таҳлили асосида. Менинг назаримда бугун, айни шу кунлар ҳамма ҳам қаҳрамон бўлишга қодир ва ҳақли. Агар сидқидилдан меҳнат қилса, астойдил қилинган меҳнатлари билан халқнинг чинакам ишончини қозона олса.
Улар – тунни кунга улаб, коронавирус инфекцияси билан ёқалашиб, хасталик ёстиғига михланиб қолган беморларнинг тўшаги устида бир неча қаватдан иборат махсус либосларни кийиб, фаолият олиб бораётган шифокорларимиз, яшаш манзилларимизда, ташкилот-муассасаларда, блок-постларда, чегара пунктларида махсус аппаратларни кўтариб, зарарсизлантириш, дезинфекциялаш ишлари билан банд бўлган санитария-эпидемиологик ва осойишталик марказлари ходимлари, уларга кўмакдош бўлаётган шартнома асосида ишга қабул қилинган дезинфекторлар, айни пандемия даврида ва Қурбон ҳайити кунларида ижтимоий кўмакка мўҳтож бўлган фуқароларга ўзидан ортганини улашаётган саховатпеша инсонлар, халқ манфаатини ҳаммадан устун қўйиб, халқнинг розилигига эришиш йўлида астойдил меҳнат қилаётган оддий ишчи-ходимлар ва зиммаларига ўлкан масъулиятни олган масъуллардир. Бу рўйихатни давом эттириш мумкиндир балки. Лекин биз шу куннинг қаҳрамонлари ҳақида сўз очдик.
Эрталаб, соат 11-ларда бизга Сух тумани санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош ҳакими Манучеҳр Аҳрорий қўнғироқ қилиб, бир хушхабарни етказди: бугун туман юқумли касалликлар шифохонасидан 3 нафар беморга рухсат берилди. Энди улар ҳайитни оила даврасида нишонлайдилар. Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайтитига мос ва хос қувончли хушхабар. Маълум бўлишича, туман СЭОМ бош шифокори бизга иш жойидан қўнғироқ қилган экан. Яъни байрамда ҳам санитария ходимлари ишда, халқ саломатлиги йўлида фаолиятини давом эттиришмоқда. Аслида, карантин чекловлари, жорий этилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиб, оила даврасида байрам шукуҳидан баҳраманд бўлаётган фуқаро ҳам қаҳрамондир. Чунки ўзининг ва яқинларининг саломатлигини асрашга интилмоқда. Шунинг учун, азиз ватандошлар, ҳурматли Сухликлар! Ўзбекистон Республикаси махсус комиссияси томонидан жорий этилган карантин чекловларига ҳайит кунлари қатъий риоя этинг. Ўзингизни асранг! Дуода бўлинг, токи бошимизга келган бало-офатлардан Яратганинг Ўзи асрасин.
Маълумот ўрнида: Сух туманида айни пайтда 534 нафар фуқароларимиз уй карантинига олинган бўлиб, улар мутасаддий тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган. Ҳозирги кунда туман юқумли касалликлар шифохонасига 17 нафар фуқаро коронавирусга гумонланиб, ётқизилган. Шу кунга қадар 12 нафар бемор реабилитацияга чиқарилган, ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.
Яна бир карра барча азиз Сухликларни Қурбон ҳайити билан табриклаб, барча ватандошларимизга Оллоҳдан омад ва сиҳат-саломатлик тилаймиз. Ўзингизни асранг ва шу орқали бошқаларни ҳам эҳтиёт қилишга эришасиз. Биргаликда, биртану биржон бўлиб бу офатни енгамиз.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати