Сухда ободлик ва бунёдкорлик ишлари авж олмоқда
2020-08-01 11:41:24 219
Сухда ободлик ва бунёдкорлик ишлари авж олмоқда
Олис Сухда анклав ҳудуд бўлишига қарамай, ижтимоий ҳаёт анча ривожланган. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари эса жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Нафақат дастурга киритиган қишлоқлар, балки ҳали дастурга кирмаган маҳаллаларда ҳам халқнинг кучи билан ободлик ва бунёдкорлик ишлари авж олгани айни ҳақиқат. Буни биргина Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини мисолида кўришимиз мумкин.
Маҳалладаги саховатпеша инсонлар кўмагида маҳалла биноси ёнида умумий қиймати 150 миллион сўмни ташкил этган янги замонавий мажлислар зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. –“Барча ишлар, қурилиш ва мажлислар залини безатиш ишлари саховатпеша ҳомийларимиз томонидан амалга оширилди. Мен раис сифатида кўрсатилган ёрдам ва кўмаклар учун барча ҳомийларимизга миннатдорчилик билдираман. Депутат сифатида ҳам депутатлик назорати остида маҳаллада анча ишларни амалга оширдик. Вилоят ҳокитми Шўҳрат Мадаминович Ғаниевнинг Халқ депутатлари Сух туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида халқ фаровонлигини ошириш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Ватанга бўлган дахлдорлик ҳисси ҳар бир фуқаро қалбида жўш ўриб туриши, самарали фаолият олиб бориш учун сидқидилдан меҳнат қилиш лозимлиги бўйича бизга берган топшириқларини сўзсиз бажаришга ҳаракат қилаяпмиз”-дейди биз билан сўҳбатда маҳалла раиси Субҳонали Нишонов.
Тақдимот маросимида иштирок этган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ва бошқа раҳбарлар маҳалла мутасаддийлари ва саховатпеша инсонларга муваффақият тиладилар. Маҳалла буюк Ватаннинг бир бўлаги, Ватан ободлиги маҳалладан бошланиши тақдимот маросимида таъкидлаб ўтилди.
Шу куннинг ўзида Чумоқча маҳалла фуқаролар йиғинида умумий қиймати 600 миллион сўм бўлган иншоот қуриб, фойдаланишга топширилди. Энди Чумоқа маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддийлари ҳам ўз фаолиятини янги замонавий бинода давом эттиришади. Давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бу иншоотнинг ҳудудида янги замонавий комплекс бунёд этилади. -“Қурилажак иншоотнинг умумий қиймати салкам тўрт миллиард сўмни ташкил этади. Бу комплекс таркибига аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, дам олиш ва истироҳат масканлари киради”,-деди қурилишга бош бўлган ёш тадбиркор Шавкатжон Акбаров.
-“Маҳалла тизимига Президентимиз томонидан берилаётган эътибор бу маҳаллада фаолият олиб бораётган мутасаддийларнинг меҳнати ва фаолиятига бўлган эътибордир. Чунки маҳалла бу фуқаролар учун умид ва ишонч масканидир. Маҳаллага бўлган ишонч давлат идоралари ходимларига бўлган ишончдир. Бизнинг маҳалла ҳам эндиликда ўзининг янги замонавий маъмурий биносига эга бўлди. Фаолиятимизни мана бундай кўркам биноларда халқнинг хизматига астойдил бел боғлаб давом эттирамиз”,-деб бизга юзланди туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори майор Бобожон Ҳисенов. Ҳа, айни Қурбон ҳайити арафасида Сух маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолисига катта байрамона совға бўлди.
Олис ва чекка ҳудудларда давлат идоралари учун қуриб берилаётган бу каби замонавий иншоотлар бир нарсадан дарак беради. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган - “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя бугун амалда ўз ифодасини топмоқда. Аслида, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши учун, барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилиши лозимлиги ҳам куннинг асосий масалалардандир.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати