Коронавирусни бирга, биргаликда енгамиз!
2020-07-30 19:29:15 170
Коронавирусни бирга, биргаликда енгамиз!
Вилоятимизнинг энг чекка тумани – Сухда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган карантин чекловларига қатъий риоя этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллалар кириш қисмида ташкил этилган блок-постларда ҳамкор ташкилотлар сай-ҳаракати туфайли аҳолига карантин чекловларига қатъий риоя этиш шарт ва зарурлиги тушунтирилмоқда. Ҳудудларда фаолият олиб бораётган сайёр радиоузеллар орқали туман маданият бўлими вакиллари томонидан ҳам аҳоли ўртасида карантин тартиб-қоидалари ва унга риоя этиш ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси эканлиги етказилмоқда.
Туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари ҳам ҳар куни аҳоли яшаш пунктлари, ташкилот-корхона ва муассасаларда дезинфекция қилиш ишларини мунтазам олиб боришаётир. -“Биз илгари ишлаш учун Россия давлатига бориб келардик. Коронавирус пандемияси даврида бугун бунинг иложи йўқ. Туман ҳокимидан миннатдормиз, уларнинг ёрдами билан туман СЭОМ га ишга кирдик. Ҳар куни дезинфекция ва зарарсизлантириш ишларини олиб бораяпмиз. Маошимиз ҳам яхши, вақтида тўлаб беришмоқда. Президентимиз томонидан 27 июль куни қабул қилинган 4790-сонли “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбири тўғрисида”ги қарори ҳам айнан ушбу соҳа вакилларига қаратилган эътибор самараси деб биламиз”,-дейишади шартнома асосида туман СЭОМга ишга қабул қилинган Воситжон Камолов ва Абдулложон Аъзамовлар. Ҳа, бугун кўнглида ватанга нисбатан хайрихоҳлик ҳисси бўлган фуқаро борки, коронавирус пандмиясига қарши курашда фаоллик кўрсатмоқда.
Туман ҳокими С. Сайидмусаев ва секторлар раҳбарлари томонидан ҳам туман ҳудудидаги маҳаллаларда ташкил этилган блок-постларда фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Бугун туман ҳокими С. Сайидмусаев Тул маҳалласида фаолият юритаётган блок-пост масъуллари билан учрашди. –“Ёшим 57 да. Барча Ўзбекистонлик фуқаролар қаторида мен ҳам ўзимни коронавирус пандемиясини олдини олишга масъул деб биламан. Шунинг учун, елкамга дезинфекция ускунасини олиб, блок-постдан ўтаётган ҳар бир транспорт воситасини дезинфекция қилаяпман. Фуқароларимиз ҳам анча карантин чекловларига ўрганиб қолишди. Фақат бизга ўз вақтида зарурий зарарсизлантириш учун лозим бўладиган воситаларни етказиб беришса бўлди, биз ҳар доим хизматдамиз”,-деди туман ҳокими билан сўҳбатда Мулложон Мулложонов.
Дарҳақиқат, бугунги куннинг асосий мавзуси – карантин чекловлари ва тартиб-қоидаларига қатий риоя этишдан иборат. Агар ҳар бир фуқаро ўрнатилган карантин тартиб-қоидалари ва чекловларига амал қилса, энг аввало, ўзининг ва атрофдагиларнинг саломатлигини асарашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати