Маҳалла йиғини биноси – маҳалла кўрки
2020-07-25 12:15:01 231
Маҳалла йиғини биноси – маҳалла кўрки
Бугун юртимизда Ватан ичра кичик Ватан – маҳаллани обод этиш, унинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини юксалишига қаратилган аҳамият давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Зотан, маҳалла юрт юзи ва мамлакатнинг ташриф қоғозидир. Зеро, Ватан кичкинагина яшаётган манзилимиздан, маҳалладан бошланади.
Маҳалла ободлиги Ватан ободлиги, маҳалла тинчлиги Ватан осойишталигининг гаровидир. Бугун мамлакатимизда маҳалла нуфузини оширишга қаратилган ҳаётий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу энг аввало, маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимлар учун зарурий шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Хабарингиз бор, май ойида туманимизнинг Чумоқча маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳалланинг маъмурий биноси қурилиши бошланган эди. Давлат хусусий шерикчилик асосида қурилаётган маҳалла биноси халққа хизмат қилишига астойдил ишонамиз.
Бугун худди шундай ташаббус Ленбург маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам амалга оширилмоқда. Давлат хусусий шерикчилик асосида маҳаллада эски маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси ўрнига янги ва замонавий иншоот қурилиши бошлаб юборилди. Эндиликда давлат хусусий шерикчилик асосида Ленбурда ҳам фуқароларни ўзини ўзи бошқариш комплекси бунёд этилади. Қурилиш ишлари "Табассум Сух савдо" хусусий корхонаси зиммасига юклатилган. "Комплекс намунавий лойиҳа асосида икки қаватда замонавий меъморчилик услубида бунёд этилади" - дейди фирма раҳбари Ниёзали Ҳайдаров.
Қурилиш ишлари боланиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этишиди ва нуроний отахонлар яхши ниятлар ила дуога қӯл очишди. Эзгу мақсадлар билан янги бинонинг тамал тоши қўйилди.
Хусусий корхона раҳбари маълумотига кўра, қурилажак иншоотнинг биринчи қаватида маҳалла фуқаролар йиғини жойлашади ва бинонинг иккинчи қаватида янги замонавий аҳолига хизмат кўрсатиш комплекси бунёд этилади. Иншоот қурилишга 400 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағнинг тенг ярми, яъни 200 миллион сўми тадбиркор ҳисбидан қурилиш учун йўналтирилади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати