Сух туманида карантин чекловларига риоя этган ҳолда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда
2020-07-21 19:35:03 188
Сух туманида карантин чекловларига риоя этган ҳолда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда
Туманимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва жорий этилган карантин чекловларига қатъий риоя этишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, белгиланган режа асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айтиш лозимки, бу йўналигшдаги барча ишлар мутасаддий ташкилот-идора ва муассасаларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги асосида амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида туман ҳокимлиги, туман ички ишлар бўлими, прокуратура, маънавият ва маърифат, туман маданият бўлими ходимлари фаоллик кўрсатишмоқда.
Туманнинг ҳар бир маҳалласида коронавирус инфекциясини олдини олиш ва карантин чекловларига тўлиқ риоя этиш мақсадида блок-постлар ўрнатилган ўлиб, фақат рухсатномаси бор, яъни стикерли автомашиналар ҳаракатига рухсат берилган. Бу каби ишларга маҳаллалардаги жамоатчилик асосида ишга жалб этилган фуқаролар ҳам намуна кўрсатишаётир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, карантин тартиб-қоидаларига риоя этиш баробарида маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари ҳам жадаллик билан давом этмоқда. Мисол учун, бугун Соҳибкор маҳалла фуқаролар йиғинида ободонлаштириш ишлари қизғин паллага кирган. Маҳалладаги “Оқибат”, “Порлоқ” ва “Суюнчи” кўчаларида йўлларга шағал ва бетонли қоплама ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Қувонарлиси, бу ишларга маҳалла ёшлари жалб этилган. Истиқлол маҳалласида ҳам янги масжид биноси қурилиши давом этмоқда.
-“Бизнинг асосий мақсадимиз коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган. Шунингдек, аҳоли томонидан ердан самарали фойдаланиш ишларига ҳам алоҳида эътибор бериш куннинг асосий масалаларидандир. Чунки ҳар биримиз бугун етарли қишлоқ-хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиб қўйишимиз лозим. Аҳоли ўртасида томорқадан самарали фойдаланиш, мавжуд экин майдонларига кўпроқ полиз экинларини экиш, такрорий эканлар парваришига алоҳида эътиборли бўлиш бўйича тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Фуқароларимиз бугун ўйда қолиб, томорқа ишлари билан шуғулланишмоқда”,- дейди Янгиариқ маҳалласидан Халқ депутатлари Сух тумани Кенгашига сайланган депутат Амиржон Сафаров.
Қайд этиш лозимки, Сух туманида ҳудудлар, маҳаллаларни дезинфекция қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Чунки дезинфекция ишларини амалга ошириш инфекцияни олдини олишда энг муҳим омил ҳисобланади. Сух туман СЭОМ мутахассисларининг маълумотига кўра, туманда зарарсизлантириш учун керакли бўлган барча моддалар ва асбоб-ускуналарнинг етарли захираси яратиб қўйилган. Уй шароитида карантинга олинган фуқаролар ҳолидан соҳа мутахассислари доимий назорат олиб боришмоқда.
Маълумот учун: бугунги кунда 25 нафар фуқароларнинг 14 кунлик карантин муддати тугаб, ҳисобдан чиқарилган ва ҳозирда 179 нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида турибти. Шунингдек, айни пайтда туманда 7 нафар фуқаро коронавирус инфекциясига гумонланиб, улар билан мулоқотда бўлган 19 нафар фуқаро ҳам туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборт хизмати