Савобли ишлар ва хайрли амалларимиз бардавом бўлсин
2020-07-17 17:48:47 238
Савобли ишлар ва хайрли амалларимиз бардавом бўлсин
Азал-азалдан сув чиқариш, кўприк барпо этишдек амаллар энг савоб ва хайрли ишлардан саналган. Ҳатто кўчадан четга олиб қўйилган тош ҳам савоб амаллардандир.
Бугунги кунда Сух туманида бевосита Президентимиз раҳнамолигида эътироф этишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Берилаётган эътибор самараси ўлароқ, Сух энг обод ва кўркам гўшага айланишига астойдил ишонамиз. Бунинг учун ҳар бир инсон борки, хайрихоҳ бўлиши лозим. Зеро хайрихоҳлик ва шукроналик бор жойда барака ва унум бўлади.
Бугун туманнинг Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинида яна бир хайрли амалга қўл ўрилди. Маҳаллада эски жоме масжиди ўрнига бунёд этилажак замонавий кўринишдагии масжид биносининг тамал тоши қўйилди.
Туман бош имом-хатиби Воҳидхон Камоловнинг маълумотига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Иноятуллоҳ” жоме масжиди ўрнига янги 1000 ўринли бино қурилади. –“Маҳалладаги жоме масжидимизга бутун туман маҳаллаларидан келиб, ибодат қилишади. Ийд намозларини ҳам жамоат бўлиб ўқиймиз. Жоме масжиднинг биноси мана учинчи марта бузилиб, ҳашар йўли билан қурилмоқда. Яхши ва эзгу ниятлар билан иш бошладик. Ишлармизда Яратган Эгам Ўзи мададгор бўлсин”,-дея нуроний отахонлар дуога қўл очишди.
Туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмўсаев ва нуроний отахонлар иштирокида янги бинонинг илк ғишти ҳам қўйилди. Махсус лойиҳа асосида қуриладиган масжид биносининг бунёд этилишида миллий ва замонавий тарздаги архитектура уйғунлиги эътиборга олингани ҳам катта аҳамиятга эга.
Сух тумании ҳокимлиги Ахборот хизмати