Сув таъминотидаги муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда
2020-07-08 15:48:24 146
Сув таъминотидаги муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда
Барчамизга маълумки, Сух туманида суғориш ва ичимлик суви таъминотида муаммо ва камчиликлар мавжуд бўлиб, ушбу муаммони бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда туманда вилоятдан келган соҳа мутахассислари аниқланган камчиликларни бартараф этилишида астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Фарғона вилоят “Ўзсувтаъминот” МЧЖ Сух тумани филиали раҳбари Фарҳод Азимбековнинг сўзларига кўра, соҳага дахлдор муаммоларни бартараф этилиши аниқ режалар асосида олиб бориляпти. –“Куни кеча туманимизга 1 500 метрга яқин полиэтилен қувурлар олиб келинди. Айни пайтда соҳа ходимлари Офтобру маҳалласида иш олиб боришмоқда. Чумоқча маҳалласида янги, таъмирланган тик қудуқ ишга туширилди. Ҳушёр маҳалласида ҳам сув тортиш насоси қурилмаси янги замонавий дастгоҳга алмаштирилиб, ишга туширилди ва эндиликда оби ҳаётдан 300 та хонадон фойдаланиш бахтига муяссар бўлишди. Шунингдек, 13 ва 14-сонли УЎТ мактаблари ва маҳаллада жойлашган туман юқумли касалликлар шифохонаси ҳам ичимлик суви билан таъминланди”.
Куни кеча Зангат маҳалласида ҳам янги тик суғориш қудуғи қурилиши охирига етказилиб, фойдаланишга топширилди. 110 метр чуқурликдан сув тортиш кучига эга бўлган бу иншоот “Зилха-А” МЧЖ томонидан бунёд этилди. Эндиликда оби ҳаётдан 103 та хонадон фойдаланишади, ҳудуддаги 20 гектар ер майдони суғориладиган бўлди. Лойиҳанинг умумиий қиймати 346 миллион сўмни ташкил этади.
-“Биз энг аввало, Президентимиздан жуда ва жуда мамнунмиз, чунки Юртбошимизнинг бизга нисбатан берилаётган эътиборлари муаммо ва камчиликларни ечилишида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мана, бугун бир неча йиллик орзуларимиз рўёбини кўриб турибмиз. Барча Зангат маҳалла аҳли номидан Юртбошимизга миннатдорчилик билдирамиз”,-дейди маҳалла фаоли Раҳимжон Тошбоев.
Янги тик суғориш қудуғининг фойдаланишга топширилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Тақдимот маросимида қатнашган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмўсаев ҳам барча маҳалла аҳлини ушбу тарихий кун билан қутлаб, берилаётган эътиборга нисбатан ҳамиша хайрихоҳ бўлиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Ҳа, бугун Сухликларнинг ўтаётган ҳар бир куни байрамга тенг. Чунки “Обод гўшага мана шундай байрамлар ярашади” деб бежиз айтмаган доно халқимиз. Ватанимиз ободлигига кўз тегмасин ва Яратган қилинаётган барча эзгу амалларимизни бардавом айласин.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати