Ёш спортчиларга байрам совғалари топширилди
2020-07-01 11:30:08 193
Ёш спортчиларга байрам совғалари топширилди
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сух туманида ҳам Ёшлар кунига бағишлаб, тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. Албатта, карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда.
Бу йилги Ёшлар куни тадбири 21-сонли УЎТ мактаби ўқувчи ёшлари қалбида мангу қолади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ёшлар кунига бағишлаб ташкил этилган тадбирда Сух тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмўсаев, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қумондонининг биринчи ўринбосари Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевичлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қумондонининг биринчи ўринбосари А. Б. Тожимирзаев Сухлик ёшларни байрам билан табриклади. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикси Миллий гвардияси Сух тумани ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда мўҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5та муҳим ташаббус доирасида ёшларни ватанпарварлик рўҳида тарбиялаш, уларни рўҳан ва жисмонан чиниқтириш мақсадида, шунингдек, уларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида бир қатор ижобий тадбирларни амалга оширишмоқда. Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшларни ватанпарварлик рўҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама етук инсонлар этиб вояга етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Сух тумани ҳокими С. Сайидмўсаев ўз сўзида Сухлик ёшларни байрам билан табриклаб, уларга Президентимиз томонидан берилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. –“Биргина Сухлик ёшларни олий ўқув юртларига киришлари учун Президентимиз томонидан берилган оламшумул эътибор - 500 та квота барча ёшларимиз қалбида мангу жой олади десак, муболаға эмас. Бугунги ёшлар барча куч ва билими, ғайратини шу азиз Ватан равнақи ва ривожига сарфарбар этиши давр ва замон талабидир. Бу нафақат Сиз ёшлар, балки биз раҳбарларга ҳам катта куч ва ғайрат, шижоат бағишлайди.
Биз Сизлар билан ҳари доим олға интилишимиз, Президентимиз белгилаб берган йўлдан боришимиз зарур. Агар биз бу йўлда бирдану биржон бўлсак, марра ва нурафшон келажак бизники”-дея таъкидлади ҳоким.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси аскар ва зобитлари томонидан махсус жисмоний машқлар намойиш этилди. Аскарларни қарсаклар билан олқишлаган тадбир иштирокчилари Ватан посбонларининг жисмоний ва маънавий етук эканликларига яна бир карра амин бўлишди.
Ўз навбатида 21-сонли УЎТ мактаби ўқувчилари ҳам байрам иштирокчиларини ўз шеърлари ва чиройли рақслари билан табриклашди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қумондонлиги тадбирга ўз совғалари билан ташриф буюришди. Мактаб ёш спортчиларига турли хил спорт анжомлари тақдим этилди. Совғаларни ёш спортчиларга ҳадя этилишида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари бирлашган касаба уюшмасининг алоҳида ўрни бор.
Совғаларни қабул қилиб, ёш спортчилар мамлакатимиз Миллий Гвардияси қумондонлигига самимий миннатдорчлик билдиришди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати