Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик принципининг амалдаги кўринишидир
2020-07-01 09:04:08 241
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик принципининг амалдаги кўринишидир
Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу-қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда.
Жиноят ишини юритишда суд назоратини мустаҳкамлаш, ҳимоя ва айблов тортишувини таьминлаш тизими ва механизмларини такомиллаштиришда "Хабеас корпус" институти қўлланишини кенгайтириш бўйича қонун ҳужжатлари амалга оширилмоқда.
Жиноят-процессуал қонунчиликдан суднинг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эьлон қилиш ваколатлари соқит қилинди, судгача иш юритиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди. Шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббиёт муассасасига жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколатлари судларга берилди.
Қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига кўра, тезкор-қидирув ишларини олиб боришнинг аниқ асослари белгиланди, бу жараёнда қонунчиликка риоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш, маьмурий ўзбошимчаликка йўл қўймаслик бўйича реал ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман ва шаҳар умумий юрисдиксия судларининг фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонларининг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали тизимини яратиш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг замонавий стратегиясини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётган ушбу даврда жиноий жазо чоралари ва жиноят содир қилишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жазо тайинлаш масалалари давр талаби даражасида ташкил қилишни тақозо этади ва у ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Демак, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналиши сифатида жиноят қонунини либераллаштириш:
биринчидан, давлатимизнинг қонунчилик амалиётида биринчи марта амалдаги кодексларга ўзгартиришлар киритувчи ёки уларни тўлдирувчи нормалар моҳиятига кўра қонуннинг орқага қайтиш кучига эгалигини ифодалайди, чунки унга кўра, жиноят содир этишда айбланаётган фуқароларга тайинланган жазолар либераллаштирилмоқда ёки жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш мумкин бўлган нормалар доираси кенгайтирилмоқда;
иккинчидан, жиноят қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жиноий таъқиб этиш ҳамда жиноятларни судда кўришнинг асослари ва асосий принципларини тубдан ўзгартиришига олиб келди;
учинчидан, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, айрим жиноят-ҳуқуқий нормаларда сақланиб қолган собиқ ҳукмрон режим асоратларини бартараф этишга хизмат қилди;
тўртинчидан, ривожланиб бораётган демократик жамиятнинг қонунлари хусусиятининг ўзиёқ, уларга ихтиёрий тарзда ва сўзсиз риоя этилиши ҳамда ижро қилинишини тақозо этиб, қонун устуворлигини таминлашга хизмат қилмоқда.
бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг бугунги кундаги жиноятга оид сиёсати баъзи бир МДҲ, шунингдек, чет мамлакатлар қонунчилигидан фарқли равишда, энг илғор, инсонпарварлик ғояларига асосланган бўлиб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва мазмуни жиҳатидан улардан анча олдинга илғорлаб кетилди.
Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва унинг асосий йўналиши бўлмиш жиноят қонунини либераллаштириш жараёнини таҳлил қилган ҳолда ўрганиб, қуйидаги фикр ва хулосаларга келдик:
- Жиноят қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти органи - Олий мажлиснинг норматив (меъёрий) ҳужжати бўлиб, у жиноят ҳуқуқининг умумий принциплари ва вазифалари, айрим жиноий қилмишларнинг белгилари, уларни содир этганлик учун жазо чораларини белгилайди;
- Жиноят қонунини либераллаштиришдан мақсад, жиноят содир этган шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда бошқа енгилроқ жазо тайинлаш йўли билан жамиятга қайтариш имкониятини яратиш, яъни уни ахлоқан тузатишдан иборат бўлиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари даврида жиноятчиликка қарши кураш чораларини намоён қилади;
- жамият ва давлатда юз берган ижтимоий сиёсий ўзгаришлар жазо тизими, уларнинг жойлашиш тартиби, ўз аҳамиятини йўқотганларини бу тизимдан чиқариб ташлаш ёки янги жазо турини киритилишига таъсир қилади.
Юқоридагиларга кўра, жиноят қонунини либераллаштиришнинг кейинги босқичларида, назаримизда, қуйидагилар амалга оширилиши керак:
1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 42-моддасига кўра, “жазо жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланиладиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ва уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир”, қонунда берилган ушбу таъриф тўлиқ ва аниқ бўлишига қарамасдан, жазонинг ҳуқуқий категория сифатида судланганлик оқибатини келтириб чиқариши тўғридан-тўғри қонунда назарда тутилиши керак.
2. Жиноят қонунида назарда тутилган ва содир этилган жиноят учун қўлланиладиган бошқа-ҳуқуқий таъсир чоралари, жумладан, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, вояга етмаганларга қўлланиладиган мажбурлов чоралари жазо тушунчаси доирасига кирмайди ва жиноий жазо каби судланганлик оқибатини келтириб чиқармайди, чунки ушбу чоралар, аввало, жиноят содир этган шахснинг манфаатлари (соғайиши, таълим олиши ва бошқа) учун қўлланилиб, жазога хос бўлган хусусиятларга эга эмас.
3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида назарда тутилган жазо тизимини ўрганиш, бугунги кунда жазо тизими янада либераллаштирилиши ва бу борада жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари доираси кенгайтирилишини талаб этади, бу борада жазо тизимига жамоат ишлари чораларни жиноий жазо сифатида киритиш мақсадга мувофиқдир.
4. Жиноий жазоларни либераллаштиришнинг кейинги босқичларида вояга етмаганлар учун жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар доирасини, яъни озодликдан маҳрум қилишга муқобил бўлган жазолар доирасини кенгайтириш мақсадга мувофиқ, ушбу ҳолат, аввало, жарима, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини қўллашда вояга етмаган шахснинг кўпгина ҳолларда мустақил маблағга эга эмаслиги, жарима жазосини ижро этилиши, кўпроқ унинг ота-онаси зиммасига тушиши ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ижро этиш муайян муаммоларнинг мавжудлиги билан изоҳланади.
Назаримизда, бу борада Жиноят Кодексида белгиланган вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлаш тизимини қайтадан кўриб чиқиб, мулоҳаза юритиб, аввало миллий ўзлигимиздан келиб чиқиб, қолаверса ривожланган мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиб, бозор иқтисодиёти шароитида ўзининг самарасини бериши мумкин бўлган жазо турлари киритилса, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ва суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширилишига қаратилган яна бир ижобий қадам бўлар эди.
П.Джўраев - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
судья ёрдамчиси
Ж.Хайдаров - Жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман судининг
девонхона мудири