CЎХ ТУМАНИ ҲОКИМИ: Муаммолар бир кунда эмас, босқичма-босқич ҳал этилади
2020-06-12 16:31:07 179
CЎХ ТУМАНИ ҲОКИМИ: Муаммолар бир кунда эмас, босқичма-босқич ҳал этилади
Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими вазифасида иш бошлаганига бир ҳафтадан ошди. Унга бу ернинг аҳолиси яхши таниш. Чунки мазкур туманда бир йилдан буён ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. ЎзА мухбирлари туманнинг янги ҳокими билан суҳбатда бўлди.
— Чашма булоғида рўй берган мажародан сўнг Бош вазиримиз бошчилигидаги ҳукумат комиссияси зудлик билан туманга келиб, вазиятни барқарорлаштиришга эришди. Барча вазирликлар туманимиздаги ҳар бир маҳаллада пиёда юриб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ўрганди. Аҳолининг дардини эшитди. Оғриқли нуқталарни аниқлаб, уларнинг таклифлари асосида дастур ишлаб чиқилди.
Бу ерда аҳоли боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Аҳолининг 31 фоизи хорижий мамлакатларда мигрант бўлиб ишлайди. Коронавирус пандемияси туфайли туманда 14 мингга яқин аҳоли ишсиз қолган. Бугун биринчи навбатда, уларни иш билан таъминлаш, даромад топишига кўмаклашиш бўйича иш олиб борилмоқда. 500 нафардан ортиқ сўхликлар “Tashkent city” қурилиш объектларида иш билан таъминланмоқда. Уларнинг барча харажатларини давлатимиз ўз зиммасига оляпти. Туманимизда бошланган бунёдкорлик ишларида эса электр соҳасида 200, қурилишда 300 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Туман аҳолисини узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш доимий эътибордаги масала. Вилоят марказидан олиб келинадиган асосий маҳсулотлар қўшни давлатнинг 80 километр чегарасини босиб ўтади. Бугун бу ерда қурилиш материалларига талаб катта. Буни вилоят ҳокимлиги ҳал этиб, кўмак карвони жўнатди.
Фуқароларимиз ўз кўзи билан амалда бўлаётган ишларни кўрмоқда, асосийси, Президентимизнинг эътиборини ҳис этмоқда. Республика ва вилоятдан келган ишчи гуруҳлар ҳар куни аҳоли билан мулоқотда бўлаётгани яхши самара бераётир. Ўзим иш бошлаган кунимдан бошлаб ҳар бир фуқаро билан гаплашяпман. Сектор раҳбарлари билан биргаликда фақат уларни эшитибгина қолмай, муаммосини ҳал этиш чораларини кўряпмиз.
Муаммоларнинг асосийси жойида бартараф қилинмоқда, қолганлари ҳам босқичма босқич ҳал бўлади. Тумандаги катта бир муаммолардан бири – ичимлик суви ва ерларни суғориш билан боғлиқ. Бу масала ҳам ижобий ечимини топиб, 90 фоиз аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Электр энергия таъминотини яхшилаш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳозирда Чашма булоғи атрофида вазият барқарор. У ерда ҳам ишчи гуруҳлар фаолият олиб боряпти. Кунлик ўрганишлар натижасида аниқланган камчилик ва муаммолар бартараф этилаётир. Ҳар бир ходим бир кунда битта муаммонинг ечимини топяпти, одамларни рози қиляпти.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати