Сух тумани аҳолисига GPON технологиялари асосида 536-портли алоқа воситалари етказиб берилади
2020-06-10 09:08:03 176
Сух тумани аҳолисига GPON технологиялари асосида 536-портли алоқа воситалари етказиб берилади
2020 йил 3 июн куни Сух туманидаги Ӯзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида бӯлиб ӯтган фаоллар йиғилишида туманда алоқа соҳасида муаммолар борлиги, туман аҳли асосан, Қирғизистон Республикаси симкарталаридан фойдаланиб келаётганликлари қайд этилган эди. Туман аҳолиси Ватанимизнинг Uz Mobile, Beeline, UMS, U Cell компаниялари алоқа воситалари билан таъминланган бӯлсада, лекин алоқа бутун туманни қамраб олмаган. Тоғли ҳудудда жойлашгани боис, алоқа тӯлқинлари туманнинг барча ҳудудларига етиб бормайди.
Бугун туманимизга Ӯзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бир гуруҳ вакиллари етиб келишди. “Ташрифдан асосий мақсад тумандаги алоқа соҳасида мавжуд бӯлган муаммо-камчиликарни бартараф этиш, энг асосийси, Интернет тезлигига эришиш ва ҳар бир ҳудудда алоқа воситаларини узлуксиз таъминлаб беришдан иборат”, - дейди биз билан сӯҳбатда Ӯзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ӯринбосари, АКТ бӯйича маслаҳатчи Алматов Баҳром Адҳамович.
“Туманга вазирликнинг 55 нафар мутахассислари етиб келишди. Асосий мақсад жойлардаги камчилик ва муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш ва туман алоқа соҳасидаги носозликларни ечишдан иборат. Туманга барча зарурий техникалар билан биргаликда алоқа соҳасининг энг замонавий асбоб-ускуналари, шунингдек, 62 000 метр оптик кабел, бетонли танячлар олиб келинди. Туман аҳолисига GPON технологиялари асосида алоқа воситалари ва Интернет етказиб берилади”, - дейди “Ӯзтелеком” АК Фарғона филиали директори Асқаров Ихтиёр Бахтиёрович.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, туманимизга UMS, U Cell, Uz Mobile компаниялари вакиллари мавжуд алоқа воситалари сифатини янада яхшилаш мақсадида ташриф буюришди. Яна бир муҳим жиҳат: ёшлар бандлигини таъминлаш бӯйича ҳам вазирлик вакиллари томонидан яхши ишлар амалга оширилмоқда. Алоқа соҳаси вакилларига ёрдамчи куч сифатида ёшларнинг 20 нафари вақтинча иш билан таъминланадиган бӯлди.
“Мен Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман ва ҳар йили ишлаш учун Россиянинг Иркутск шаҳрига бориб келардим. Коронавирус пендемияси сабаб бу йили туманимизда қолдим. Айни дамда ишсизман. Алоқа вакилларининг таклифига рози бӯлдим, чунки бу соҳага қизиқишим баланд. Бир ойда 1 500 000 сӯмгача маош беришаркан. Албатта бу эътибордан биз ёшлар жуда мамнунмиз”, - дейди Фаридун Мажидов. Фаридун билан биргаликда Навобод маҳалласидан Илҳом Субҳонов, Офтобру маҳалласидан Отабек Мусоев ва Ғайратжон Эргашевлар вақтинчалик иш билан таъминланадиган бӯлишди. “Ӯз Ватанимизда, туманимизда ишлаб ойлик олиш ва энг муҳими, оила-аъзоларимиз, ота-оналаримиз бағрида ишлаш энг зӯр имконият”, - дея ёшларга юзланади алоқа бӯлими оператори Умиджон Мансуров.
Ҳа, бугун Президентимиз эътибори туфайли Сух тумани тараққиёт ва ривожланишнинг янги босқичига қадам қӯймоқда. Туманни ривожлантириш, унинг равнақига ҳисса қӯшиш барча Сухликларнинг бурчи ва вазифасидир.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати