Сўх тумани: Ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади
2020-06-09 19:01:56 184
Сўх тумани: Ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев мутахассислар билан биргаликда Фарғона вилояти Сўх туманида бўлиб, аҳолининг соҳадаги муаммоларини ўрганди.
Аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда туманда 27 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, 76 фоиз марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Маълум бўлишича, аҳоли 4 дона булоқдан ҳам сув истеъмол қилади. Ўтган йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Хушёр”, “Ғазнов”, “Мулгон” маҳалла фуқаролар йиғинларида 6,1 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. “Фарғона сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 дона ичимлик сув насосларини ўрнатиш ва 8,8 километр ичимлик сув тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур қурилиш-монтаж ишлари натижасида 1 минг 627 нафар аҳоли илк бор ичимлик сув таъминоти билан таъминланди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 1,1 километр ичимлик сув тармоғи тортилди.
Бугунги кунда туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш муҳим вазифалардан биридир. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир маҳаллада ўргнаишлар олиб борилди, аҳолининг мурожаатлари кўриб чиқилди. Аниқланишича, туманда 147,2 километр ичимлик сув тармоғининг 16 километри таъмирталаб. Шунингдек, туман миқёсида 24 та ичимлик сув қудуқлари бўлиб, уларнинг баъзиларида таъмирлаш ишлари бажарилиши керак.
Ана шулардан келиб чиқиб, 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Хусусан, “Офтобру”, “Тул”, “Ҳушёр”, “Қақир” каби 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 25 миллиард сўм маблағлар доирасида 30,5 километр ичимлик сув тармоғи тортилади. 11 дона ичимлик сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, 9 дона янги ичимлик сув қудуғи қазиш, 7 дона ичимлик сув ҳавзасини қуриш каби ишлар режалаштирилган. Мазкур ишлар натижасида Сўх туманида истиқомат қилувчи 33 минг 800 нафар фуқаролар ёки 91,2 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади.
М.СУЛАЙМОНОВ - ЎзА